Фарғонада кўршапалак уясини ясаб 15 минг долларга сотган фирибгарга ҳукм ўқилди

Фарғонада кўршапалак уясини ясаб 15 минг долларга сотган фирибгарга ҳукм ўқилди

Қўқонлик Озод Солиев (исм-фамилияси ўзгартирилган) муқаддам 6 марта судланиб, озодликдан маҳрум қилинган бўлса ҳам яна фирибгарликка қўл урди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

У интернет орқали кўршапалак уяси саратон касалига шифо бўлиши ҳақидаги хабарларни ўқиб, сохта уя ясаб, сотишни ўйлаб қолди ва буни уддасидан чиқди. Энди у харидор топишни ўйлай бошлади. Қозоғистонлик нотаниш бола билан Telegram ижтимоий тармоғи орқали гаплашиб, кўршапалак уяси нархи 100 минг АҚШ доллар эканини айтганда, харидор бу нарх қимматлигини билдирган.

О. Солиев 2018 йилнинг октябрь ойи ўрталарида Учкўприк тумани Ёйилма қишлоғида жабрланувчи Б.Маҳкамов билан учрашиб, унга Наманган вилояти, Поп туманидаги тоғли ҳудудларда кўршапалак уяси борлиги, саратон касаллигига шифо бўлишлиги, истаса уни 23 минг 300 АҚШ долларига сотишлигини айтиб, уни алдайди. Ишончга кириш мақсадида ўзи томонидан олдиндан цемент, оҳак, алебастер ва тупроқдан ясаб қўйилган ноксимон шаклдаги жисмни кўршапалак уяси эканлигини, унга тилло буюмлар ёпишиши, саримсоқ пиёздан эса қочиши ҳақида тайёрланган ёлғон видеороликни кўрсатган.

Ўзи томонидан тайёрланган сохта кўршапалак уяси ни 5 литр ҳажмдаги елим идиш ичига атрофини ялтироқ қоғоз ва пахта билан ўраб олиб келиб, Б.Маҳкамовга ушбу модда очилса, уни бир сутка давомида таркиби бузилиб, кўршапалак уяси ичидаги амруғ моддаси хусусиятини йўқотишини айтади. Сохта кўршапалак уяси ни 15 минг 300 долларга сотиб, фирибгарлик йўли билан қўлга киритилган пулларни шахсий эҳтиёжи учун сарфлаб юборган. Терговга қадар текширув даврида О.Солиевдан кўршапалак уяси далилий ашё тариқасида олинган.

Суд экспертиза хулосасига кўра, кўршапалак уяси қўнғир рангли, қаттиқ инга ўхшаган ноксимон жисмни устки қавати цементдан, ўрта қавати оҳак моддасидан, остки қавати тупроқдан иборат бўлиб, цемент, оҳак ва тупроқ қурилиш материаллари туркумига кириши аниқланган.

Судланувчи О. Солиев жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2018 йилнинг 10 декабрь куни сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини олиш, ташиш ёки ўтказиш мақсадида жиноий шериклари судланувчи А.Ботиров ва Қирғизистон Республикаси фуқароси А. Худайқулов билан олдиндан бир гуруҳга бирлашган. Улар жами 393 та кассетадаги Лирика дори воситаларини Қўқонга ўтказиш мақсадида ташиб келиб, махсус харидорга 121 кассетада бўлган дорини 3200 АҚШ долларига сотган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман судида О. Солиев ва А. Ботировнинг мазкур жиноят иши кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, улар Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан айбли деб топилиб, тегишли жазо тайинланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!