Экологик экспертиза тизимини рақамлаштиришда Корея тажрибаси ўрганилмоқда
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Давлат экологик экспертизаси маркази вакиллари 2026 йил 13–17 апрель кунлари Жанубий Корея пойтахти Сеулда бўлиб ўтаётган семинар-воркшопда иштирок этмоқда.
Семинар Давлат экологик экспертиза маркази ва Корея атроф-муҳит институти (KEI) ўртасида тузилган ўзаро англашув меморандуми доирасида ташкил этилди.
Маълумот учун, Давлат экологик экспертизаси маркази ва KEI ўртасидаги фаол ҳамкорлик 2024 йил ноябридан бошлаб изчил давом этиб келмоқда.
“Корея атроф-муҳит институти билан ўрнатилган ҳамкорлик Ўзбекистонда экологик баҳолаш тизимини халқаро стандартларга мувофиқ ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу воркшоп экологик экспертиза соҳасида рақамли трансформацияни жадаллаштириш йўлида янги имкониятлар очиб беради”, — деди Давлат экологик экспертизаси маркази Бош директори Ғ. Мухамедов.
Семинар-воркшопда қуйидаги йўналишларда чуқур билим ва амалий кўникмалар эгалланади:
— Кореяда жорий этилган Экологик таъсир баҳолаш ахборот тизими (EIASS) ҳақида ва уни ишлаб чиқиш тажрибаси;
— EIASSни янгилаш ва кенгайтириш бўйича стратегик режалар ҳамда модернизация йўналишлари;
— Рақамли атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш соҳасида илмий-тадқиқот натижалари ва инновацион ёндашувлар;
— Сунъий интеллектдан экологик экспертиза ва мониторинг амалиётида фойдаланиш имкониятлари;
— Атроф-муҳит ҳолатини масофадан кузатишда сунъий йўлдош маълумотларининг қўлланилиши.
Шунингдек, делегация вакиллари Корея Республикасидаги яшил боғлар ва яшил паркларни лойиҳалаш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишишади.
Ушбу семинар Ўзбекистонда экологик экспертиза тизимини рақамлаштиришга йўналтирилган ислоҳотлар билан бевосита боғлиқ. Корея тажрибасини ўрганиш орқали Давлат экологик экспертизаси маркази мутахассислари рақамли атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш платформасини шакллантиришда илғор ечимлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бундан ташқари, семинар давомида келажакдаги қўшма лойиҳалар ва икки томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишлари бўйича музокаралар олиб борилиши кутилмоқда.
Давлат экологик экспертизаси маркази ва KEI ўртасидаги узоқ муддатли шериклик Экология миллий қўмитасининг халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва экологик бошқарув тизимини замонавий стандартлар асосида такомиллаштириш бўйича олиб бораётган мақсадли сиёсатининг ёрқин намунасидир.
