“Дунё ҳалокат сари кетмоқда”

“Дунё ҳалокат сари кетмоқда”

2016 йил. Эроннинг ядроси ҳақидаги фикрлар

Евроньюс:
 - Ядро хавфи ҳақида гаплашадиган бўлсак, яқинда Эрон дастури бўйича дастлабки келишувга эришилди. Дунёнинг бир оз хавфсиз тус олганлиги сизга умид учқунларини кўрсатяптими?

Ноам Хомский:
- Мен Эрон билан музокараларни қўллаб-қувватлайман, аммо аслини олганда бунда қаттиқ хатолик бор. Яқин Шарқда мунтазам агрессия, зўравонлик, террор уюштирувчи ва қонунга чап берувчи икки бебош давлат бор. Иккаловининг ҳам йирик ядровий арсенали бор. Аммо уларнинг ядро қуроллари кўриб чиқилмаяпти.

Евроньюс:
- Айнан кимларни назарда тутяпсиз?

Ноам Хомский:
- АҚШ ва Исроил. Икки асосий ядровий давлат. Айнан шунинг учун АҚШ социологик хизматлари ўтказган сўровларда аҳолисининг аксар кўпчилиги қўшма штатларни жаҳон тинчлигига таҳдид, деб ҳисоблашларини билдиришади. Бу жиҳатдан дунёдаги ҳеч қайси мамлакат АҚШчалик хавфли ҳисобланмайди. Қизиғи шундаки, АҚШ ОАВлари бу маълумотларни эълон қилишмади, аммо улар бор.

Евроньюс:
- Сиз АҚШ президенти Обамани унчалик ҳурмат қилмайсиз. Бироқ хавфсизлик шартномасидан сўнг у ҳақда фикрингиз яхши томонга ўзгармадими? Ахир у ядро уруши хавфини камайтиришга уринмоқда.

Ноам Хомский:
- Аслида бундай эмас. АҚШ ядро қуроли тизимини триллион доллар сарфлаб такомиллаштириш дастурининг ташаббускори унинг ўзи-ку. Бу ядро қуроли тизими кенгайишини англатади, ядрошунос олимлар журнали истилоҳга киритган қиёмат қойим соатини яқинлаштиради. Бир неча ҳафта илгари бу соат яна 2 дақиқа олдинга сурилиб тун ярмига яқинлашмоқда. Тун ярми бу - интиҳо дегани. Ҳозир тун ярмигача 3 дақиқа қолди. Охирги 30 йил ичида – катта уруш хавфи мавжуд Рейган замонида ҳам вазият бунчалик эмас эди.

Евроньюс:
- Сиз Эрон масаласида сўз очганда АҚШ ва Исроилни эсладингиз. Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу Эрон ядро дастури бўйича келишувни истамаслиги бугун рўй-рост кўриниб турибди.

Ноам Хомский:
- Бу қизиқ. Биз ундан негалигини сўрашимиз керак.

Евроньюс:
- Нега?

Ноам Хомский:
- Негалигини биз биламиз. АҚШ ни бир четга қўйинг, ҳатто минтақа миқёсида олганда ҳам Эроннинг ҳарбий сарф-харажатлари бошқаларникига нисбатан ниҳоятда кам. Эроннинг стратегик доктринаси мудофаа йўналишида. Унда дипломатлар сулҳ тузишлари учун ҳужумни узоқ муддат қайтариб туриш кўзда тутилган. Икки муттаҳам - АҚШ ва Исроил эса бу омилни тан олишни исташмайди. Ақл-ҳуши жойида стратегик таҳлилчи, Эрон ядро қуролини ишга солади, деган фикрга ҳеч қачон бормайди. Агар бунга қодир бўлганда Эрон ер юзидан шу заҳоти ўчиб кетган бўларди. Бошқарувдаги руҳонийлар хонумонларини куйдиришмоқчи эмас, бунинг бирор аломати кўринмайди.

Ноам Хомский ким?

Жаҳоннинг йирик интеллектуалларидан бири ҳисобланади. 88 ёшида ҳам у сермаҳсул публицист, файласуф ва анархистлигича қолмоқда. Ғарбнинг адолатсизлигига қарши тинимсиз норозилигини изҳор этиб келади.

Ноам Хомский (ёки Чомский) 1928 йилнинг 7 декабрида Филадельфияда (АҚШ) туғилган.

1955 йилдан Массачусетс технология институтида иш бошлаган.

Машҳур тилшунос, файласуф ва сиёсий фаол.

Тилшунослик соҳасида унинг ишлари бурилиш ясаган. Замонавий тилшуносликнинг отаси ҳисобланади.

АҚШнинг Вьетнамга агрессиясини танқид қилгани унга машҳурлик келтирди.

Бошқарувчи элитага қаршилик кўрсатиб келади, АҚШ ва Ғарбнинг ташқи сиёсатини қаттиқ танқид остига олади

Юзлаб асарлар муаллифи

Ўзбек дипломати ва сиёсатшуноси Алишер Файзуллаев (тахаллуси Алишер Файз) бир неча йил муқаддам Ноам Хомскийнинг маърузасини Тафт университетида тинглаган. Таассуротларини ўз блогига ёзар экан, АҚШ сиёсатини тинимсиз танқид қилаётган мутафаккирга ҳукумат босим кўрсатиши мумкин ёки йўқлиги тўғрисида маҳаллий ҳамкасбларидан суриштиради. “Нималар деяпсиз?”-ажабланади америкалик профессорлар ва АҚШ ҳукумати уни беҳад иззат қилишини ҳамда олий унвонлар билан тақдирлаганини сўзлаб беришади.

Шукуржон Исломов таржимаси 
Манба: Sof.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!