Диний қўмита Ҳаж ва Умра зиёратидаги монополияни тан олмади

Диний қўмита Ҳаж ва Умра зиёратидаги монополияни тан олмади

Ўзбекистонда, кўплаб бошқа мамлакатлардан фарқли равишда, хусусий сектор Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкиллаштириш ҳуқуқига эга эмас. Бунга изоҳ берган Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилшод Эшнаев мазкур амаллар “мукаммал диний билимни талаб қилиши”, шу сабабли уни ташкил этиш диний ташкилотнинг ҳуқуқи эканини айтди.

“Биз дунёвий, демократик, ҳуқуқий жамиятда фаолият юритамиз. Ўзбекистонда Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги 364-сонли қарори билан тартибга солинади. Мазкур қарор билан Ҳаж ва Умрани ташкил этиш ҳуқуқи жамоатчилик кенгашига берилган. Жамоатчилик кенгашининг раиси дин ишлари бўйича қўмита ҳисобланади, унинг ўринбосари Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси саналади. Шунингдек, кенгаш таркибига турли давлат ва жамоат ташкилотлар вакиллари киритилган.

Мен буни монополия деган қарашга қўшилмайман. Фуқаролар ҳам тўғри тушунади деб умид қиламан, чунки Ҳаж ва Умра – саёҳат эмас, ибодат ҳисобланади. Бу – мукаммал диний билимни талаб қиладиган ва муайян процедура билан боғлиқ бўлган бир ибодат. Бу ибодатни амалга ошириш эса диний ташкилотнинг ўзининг ҳуқуқи. Мисол учун, Ўзбекистон мусулмонлар идораси айнан мана шу йўналиш бўйича республикадаги марказий бошқарув органи сифатида тан олинган. Ҳамма фуқароларимиз мусулмонлар идорасини тан олади.

Идора томонидан Ҳаж ва Умра зиёратининг амалга оширилишини монополия эмас, ўз фаолиятини амалга ошириш, деб ҳисоблайман. Қолаверса, ташкилот бундан муайян бир фойда олмайди. Чунки [Ҳаж ва Умра учун тўловдан йиғилган] бу маблағлар фуқароларга хизмат кўрсатиш қаратилган пуллар”, – деди Дилшод Эшнаев 10 июл кунги матбуот анжуманида.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Акмал Саидов ҳам мавзуга қўшимча қилиб, 7 марта Умра ибодатларини адо этгани, Умра учун турли давлатлардан келган мусулмонлар ўзбекистонлик зиёратчиларга яратилган “шароитлар ва нархларга ҳавас қилгани”га ўз тажрибасида гувоҳ бўлгани ҳақида гапириб ўтди.

“Нима демоқчи бўлаётганингизни биламан. Нима учун, мана, қўшниларда турфирмалар ташкил қилади-ку, дейди. Қилсин турфирмалар ҳам, ким тақиқлайди?” – таъкидлади Акмал Саидов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондан Умра зиёратига борувчилар сони дастлаб 2018 йилда 6 минг кишидан 10 минг кишига оширилган эди. 2019 йилга келиб Умрага борувчилар сонига қўйилган чеклов бутунлай бекор қилинди ва ушбу муқаддас сафарга Ўзбекистондан чекланмаган миқдорда зиёратчилар бориши мумкинлиги белгиланди.

Ҳаж зиёратига борувчилар сони эса 2017 йилда 5200 нафардан 7200 нафарга оширилди. 2020 йил февралдан Тошкент–Мадина йўналишида авиақатновлар йўлга қўйилди.

Лекин, амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, Ўзбекистонда Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкиллаштириш билан Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасигина шуғуллана олиши мумкин холос.

Гарчи қонунчиликда хусусий туроператорларнинг мазкур фаолият билан шуғулланишига расмий чеклов бўлмаса-да, “ҳужжатларда бу нарса кўзда тутилмаган” деган сабаб билан уларнинг Умра зиёратини ташкил этиши, зиёратчилар учун Умра визасини олишига йўл берилмай келмоқда.

Мусулмонлар идораси ходими Муҳаммад Акмалхон Шокиров 2020 йил февралидаги матбуот анжуманида айтгандики, идора Саудия Арабистони подшоҳлигининг Тошкентдаги элчихонасига илтимоснома киритиб, идора тақдим этган рўйхатдан ташқари бошқа фуқароларга Умра визаси бермасликни сўраган.

Яқинда янги таҳрирда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган биринчи лойиҳаси 15-моддасида: “Дин ишлари бўйича қўмита Ўзбекистон фуқароларининг мамлакат ташқарисидаги зиёрат жойларига боришини, шу жумладан, Ҳаж ва Умра ибодатини амалга оширишни ташкил қилади”, деган қоида акс этган эди.

Жамоатчилик бунга “монополияни расман ҳужжатлаштирувчи норма” сифатида баҳо бериб, эътироз билдиргач, бу модда қонун лойиҳасидан чиқарилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!