«Давлат диндаги ҳар бир талабни ҳам тан олмайди» – Адлия вазири

«Давлат диндаги ҳар бир талабни ҳам тан олмайди» – Адлия вазири

Кеча АОКАда янги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Azon.TV мухбири Нурбек Ғофуров шундай савол билан мурожаат қилди:
– Янги таҳрирдаги қонундан “ибодат либоси” тушунчаси олиб ташланди. Бироқ ташкилотлар ўз ички низомидан келиб чиққан ҳолда либослар белгилаши мумкинлиги айтилган. Бунда ташкилотнинг ички низоми қонундан устун бўлиб қолмаяптими?
Адлия вазири Русланбек Давлетов:

– “Ибодат либоси” деган тушунча қонундан олиб ташланганини айтдик. Мана, жамоат жойларида ўзларининг диний русумларига мос равишда кийимларни кийиб юришибди, аёллар ҳижобларни ўраб юришибди. Шу билан бирга, биласизлар, кеча Халқ таълими вазирлиги ҳам ўз баёнотини берди, (бу нарсанинг) давлат таълим муассасаларида белгиланган кийиниш талабларига алоқаси йўқ дейилди. Чунки таълим тўғрисидаги қонунга ҳам қарайдиган бўлсангиз, 49-моддасида таълим муассасаларида кийимларга бўлган талабларни Вазирлар Маҳкамаси белгилайди дейилган. Қонуний асос бор. Шундан келиб чиқиб, таълимнинг дунёвийлиги, бу таълим ҳақидаги қонунда ёзилган, диннинг таълимдан ажратилганлиги ҳам тўғридан-тўғри қонунда ёзилган, шунинг учун таълимда шундай чекловлар белгиланган. Бу чекловлар қонунийми деган кўп саволлар бўлади. Кимдир айтади, 31-модда Конституцияга зид, ички қоида Конституцияга зид бўлиши мумкин эмас деб.

Мен ҳуқуқшунос сифатида фикримни айтаман. 31-моддада нима дейилган? Виждон эркинлиги кафолатланади дейилган. Энди савол беринг: нима дегани виждон эркинлиги? Виждон эркинлиги – сизнинг фуқаро сифатида бирор динга эътиқод қилиш ёки ҳеч бир динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқингиз. Асосий мазмун-моҳият мана шундан иборат. У ерда давлат айтмаяпти, (фуқаролар томонидан) ўша эътиқод қилинадиган диндаги ҳар бир талабни тан олиб, эртага амалий рўёбга чиқаришга кафолат берамиз, деган нарса йўқ у ерда. Эътиқод ҳуқуқини қилиб беряпти. Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро пактда ҳам диний ҳуқуқлар чекланиши мумкин дейилган. Асослари келтирилган. Асосларини ҳам айтиб бераман, қайси ҳолатларда диний ҳуқуқлар чекланиши мумкинлиги. Мана, 18-моддасида белгиланган: жамоат хавфсизлигини таъминлаш, тартибни, соғлиқ ва ахлоқни, худди шунингдек, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш учун зарур бўлган чекловлар қўйилиши мумкин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!