Буюк Британиянинг Сандхерст Қироллик ҳарбий академиясида Наврўз байрами нишонланди

Буюк Британиянинг Сандхерст Қироллик ҳарбий академиясида Наврўз байрами нишонланди

Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан дунёнинг энг нуфузли ҳарбий таълим муассасаларидан бири - Сандхерст Қироллик ҳарбий академиясида Наврўзи олам тадбирлари ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда мазкур академияда таҳсил олаётган хорижий мамлакатлар курсантлари, шу жумладан Ўзбекистон вакиллари, таълим муассасаси раҳбарияти, шунингдек, Лондонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус қатнашди.

Иштирокчиларга Наврўз тарихи, уни миллий анъана ва урф-одатларга мувофиқ турли мамлакатларда нишонлашнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида маълумот берилди. Наврўз қадриятлари тинчлик ва тотувлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, бағрикенглик, саховат ва мурувватга даъват экани таъкидланди. Ана шу хусусиятлар туфайли Наврўз нафақат ўзбек халқи, балки миллати, тили ва динидан қатъий назар Ўзбекистонда аҳил-иноқ яшаётган барча 130 миллат ва элат вакиллари учун ҳам қадрли байрамга айланди.

Байрам тантаналари доирасида ўзбек миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари бурчаги ташкил этилди.

Сандхерст Қироллик ҳарбий академияси курсанти Тимур Шерматов:

— Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар! Биз Британиянинг Сандхерст Қироллик ҳарбий академиясида 20 дан ортиқ давлатлардан келган ҳарбий хизматчилар билан бирга таҳсил олаяпмиз. Дарслар жуда интенсив равишда юқори даражада олиб борилмоқда. Бизга таълим бераётган инструкторлар ва мураббийлар ҳам юқори малакага эга. Ишонтириб айтаманки, бу ерда эгаллаган кўникмаларимизни жонажон Ўзбекистонимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлашга сафарбар қиламиз.

Наврўзингиз муборак бўлсин азиз ватандошлар!

Сандхерст Қироллик ҳарбий академияси курсанти Тимур Соатов:

— Академияда фақат назарий билимларгина эмас, балки амалий кўникмалар ҳамоҳанг тарзда олиб борилади. Спорт ва ҳарбий машғулотлардан ташқари кўнгилочар тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда. Масалан, яқинда маданият кечаси ташкил этилди. Унда турли давлатлардан келган курсантлар ўз урф-одатларини намойиш қилдилар. Ўз навбатида Ўзбекистон вакиллари томонидан тақдим этилган маданий дастур барчага манзур бўлди.

Фурсатдан фойдаланиб, барча ватандошларимизни Наврўз байрами билан самимий муборакбод этаман.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!