Сурхондарёда 10 млрд сўмлик сигарет йўқ қилинди. Бу божхона тарихидаги рекорд кўрсаткич ҳисобланади!
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Термиз туманидаги корхоналардан бирида салкам 750 минг қути сигаретлар махсус ускуналарда майдалаб, парчалаш йўли билан йўқ қилинди.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Барчанинг кўз ўнгида йўқ қилинган 749 900 қути сигаретлар муқаддам вилоят божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда бир гуруҳ фуқаролар томонидан олдиндан тил бириктирган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига божхона чегараси орқали ноқонуний равишда олиб кирилаётган вақтда аниқланган эди.
Фақатгина шу эмас - қиймати 10,2 млрд сўмни ташкил қилувчи мазкур сигаретлар хорижда ишлаб чиқарилган бўлиб, республика ҳудудига олиб кирилган вақтда аллақачон уларнинг яроқлилик муддати ҳам ўтиб кетган экан.
Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судининг ҳукми билан мазкур ҳолатда айбдор деб топилган шахс 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида вақтинча сақловга олинган сигаретларнинг эса йўқ қилиниши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу тамаки маҳсулотлари қадоғида сигаретнинг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги ахборотлар - тиббий огоҳлантириш ҳамда рақамли маркировка кодлари мавжуд эмас. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг акциз маркалари билан қадоқланмаган.
Айни шу жиҳатлари билан бугунги тадбирда йўқ қилинган сигаретлар сифатсиз ва контрафакт ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда 2023-2024 йиллар давомида аниқланган 117 та божхона қонунбузилиши ҳолатларида қиймати 55,5 млрд сўмлик 3,2 млн қути тамаки маҳсулотларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйилди.