Қозоғистон 2025-йил 1-январдан расман БРИKС ҳамкор-давлатига айланади
2025-йил 1-январдан Қозоғистон расман БРИKС ҳамкор-давлатига айланади. Маълумотни Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги тасдиқлади, деб ёзади Tengrinews.kz.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Россия БРИКС бўйича ҳамкор бўлишга тайёрлиги ҳақидаги тасдиқномани қатор давлатлар, жумладан, Қозоғистондан олганини маълум қилганди.
“Қозондаги саммит арафасида у ёки бу мақомда БРИКС фаолиятига қўшилиш учун 35 та ариза келиб тушди. Баъзи давлатлар дарҳол тўлиқ иштирок этишни хоҳлашди, бошқалари танланган тадбирларда кузатувчи сифатида иштирок этишни хоҳлашди. Шубҳа йўқки, саммитнинг муҳим натижаларидан бири БРИКС бўйича ҳамкор давлатлар тоифасининг белгиланиши ва 13 давлат рўйхати бўйича келишув бўлди. Бу давлатларга тегишли таклифлар юборилди. Бугунга келиб уларнинг БРИКС бўйича ҳамкор давлат бўлишга тайёр эканликлари Беларус, Боливия, Индонезия, Қозоғистон, Куба, Малайзия, Таиланд, Уганда ва Ўзбекистондан келди”, — деди Россия президенти ёрдамчиси брифингда.
Унга кўра, 2025-йил 1-январдан бошлаб улар расман БРИКС бўйича ҳамкор давлат мақомини олади.
Аввалроқ президент маслаҳатчиси ва матбуот котиби Берик Уали Қозоғистон давлати раҳбари Қосим-Жомарт Токаевга Қозоғистоннинг БРИКСга қўшилиши бўйича таклифлар келиб тушгани ҳақида хабар берган эди. Уали бу таклифлар президент томонидан диққат билан кўриб чиқилиб, унинг топшириғига кўра тегишли идоралар томонидан Қозоғистон миллий манфаатлари нуқтаи назаридан таҳлил қилинаётганини таъкидлади.