Албания ёшлар учун муҳим қарор қабул қилди
Ижтимоий тармоқнинг болаларга салбий таъсири ортиб бораётган бир пайтда Албания мамлакатда “ТикТок” бир йилга тақиқланганини эълон қилди, деб ёзди “Reuters” агентлиги.
Бош вазир Эди Рама бутун мамлакат бўйлаб ташкил этилган ота-оналар ва ўқитувчилар билан учрашувларидан сўнг шундай фикрга келди. Мактабларни хавфсизроқ қилишга қаратилган кенг кўламли режанинг бир қисми сифатида жорий қилинган мазкур тақиқ келаси йил бошида кучга киради
– Бир йил давомида биз бу тармоқни ҳамма учун бутунлай ўчириб қўямиз, Албанияда “ТикТок” бўлмайди, – деди Рама.
Франция, Германия, Бельгия каби Европанинг қатор давлатлари болалар ижтимоий тармоқдан фойдаланишига чеклов қўйган. Австралия ноябрь ойида 16 ёшгача бўлганлар учун “интернет тузоқ”ларини тўлиқ ман этди.
Рама ижтимоий тармоқ, айниқса “ТикТок” мактабда ва мактабдан ташқарида ёшлар ўртасида зўравонликни кучайтирганини таъкидлаган. Ҳукумат қарори ноябрь ойида 14 ёшли мактаб ўқувчиси синфдоши томонидан пичоқлаб ўлдирилгандан кейин қабул қилинди. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ёзишича, ушбу фожиага икки йигитнинг тармоқ орқали тортишуви сабаб бўлган. Ҳатто, “ТикТок”да қотилликни қўллаб-қувватлаган вояга етмаганлар акс этган видеолар ҳам тарқалган.
– Бу муаммо фарзандларимизники эмас, бизники, жамиятимизники, – деди ҳукумат бошлиғи. – “ТикТок”дан болаларимизга вирусни биз юқтиряпмиз.
“ТикТок” Албания ҳукуматидан вазиятга ойдинлик киритишни талаб қилган.
– Жиноятчи ёки жабрланувчининг “ТикТок” аккаунти борлиги ҳақида ҳеч қандай далил йўқ ва бир неча ҳисобот воқеани келтириб чиқарган видео лавҳалар бошқа платформада жойлаштирилганини тасдиқлади, – деди компания вакили.