Бир қаллоблик тарихи: 1992 йили «Олтин бутса» нега бекор қилинган?

Бир қаллоблик тарихи: 1992 йили «Олтин бутса» нега бекор қилинган?

1987 йили Руминиянинг «Динамо Бухарест» клуби ҳужумчиси Родион Кэмэтару Европа чемпионатлари тўпурарига топшириладиган «Олтин бутса» совринини қўлга киритди. Футболчи мавсум давомида 44та гол уриб, австриялик Тони Польстерни ортда қолдиришга муваффақ бўлди.

Бироқ кейинчалик, футболчи бу ютуққа қаллоблик орқали эришгани маълум бўлди.

1987 йили Родион Кэмэтару мавсумни камтарона ўтказаётган эди. Руминия чемпионатининг якунига 10 тур қолганида футболчи нафақат Европанинг, балки мамлакатнинг тўпурарлари рўйхатида ҳам йўқ эди. Аммо, мавсумнинг якуни фантастик тарзда кечди ва Кэмэтару 6та ўйинда 20та гол урди!

Руминия чемпионати бошқа турнирлардан кечроқ якунланиши сабабли, «Динамо» бош мураббийи Мирча Луческу ва жамоа Кэмэтару Европанинг энг зўр тўпурари бўлиши учун нечта гол уриши кераклигини билишарди. Улар бу имкониятдан «унумли» фойдаланиб қолишди.

Ўша пайтда «Оцелул» клубини бошқарган Иоан Здробиш яқинда Руминия телевидениесидаги кўрсатувда барча қаллобликни Мирча Луческу уюштирганини айтди.

«Ўйинда ҳисоб 3:3 бўлди ва Кэмэтару 3та гол урди. Бу ҳар иккала жамоанинг келишуви эди. Кэми гол уриши керак эди ва бу юз берди. Бунда мен ҳам иштирок этганман, афсуски, бу таклифга рад жавобини беролмасдим. Мирча ва рақибларнинг 4-5 нафар футболчиси кийиниш хонамизга кирди. Биз нима қилишимиз кераклигини келишиб олдик», - деди Здробиш.

France Football томонидан совринни топшириш маросимида можаро юз берди. Европа чемпионатларининг иккинчи тўпурари, «Аустрия» ҳужумчиси, австриялик Тони Польстер «Кумуш бутса»ни олишдан бош тортди. У Кэмэтару голлари атайин уюштирилгани ҳақида баёнот берди. Родион сўнгги 3 турда 15та гол уриб, Польстердан ўзиб кетган эди.

Кейинчалик France Football томонидан ўтказилган суриштирувда, бу ўйинларнинг келишилгани исботланди. Руминиялик футболчи эса мукофотдан маҳрум қилинди. «Олтин бутса» Тони Польстерга топширилди.

Қизиғи шундаки, бу воқеа ҳеч ким учун сабоқ бўлмади. Кейинги йилларда шунга ўхшаш воқеалар такрорланди. 1988 йили «Галатасарой» ҳужумчиси Танжу Чўлоқ 39та, 1989 йили «Динамо Бухарест» ҳужумчиси Дорин Матеуц 43та, 1990 йили Болгариянинг ЦСКА клуби ҳужумчиси Христо Стоичков 38та, 1991 йили «Црвена Звезда» ҳужумчиси Дарко Панчев 34та гол уриб, «Олтин бутса» соҳиби бўлишди.

Шундан сўнг, France Football 1992-1996 йиллар давомида «Олтин бутса»ни ҳеч кимга топширмади.

1997 йилдан бошлаб эса, «Олтин бутса» соврини қайта тикланди. Унинг соҳибини аниқлашда чемпионат давомида урилган голлар коэффициентлар асосида кўпайтириладиган бўлди. Хусусан, «Барселона» ҳужумчиси Роналдо чемпионатда 34та гол урди ва у иккига кўпайтирилгач, 68 очко жамғариб, «Олтин бутса»ни қўлга киритди.   

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!