Бемор танасида операция пайти бинт қолиб кетганлиги ҳақидаги хабарлар ростми? ССВ маълумот берди
Ижтимоий тармоқларда сурхондарёлик 4 ёшли бемор бола танасида операция пайти бинт қолиб кетганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Аниқланишича, Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри, Тинчлик маҳалласида яшовчи 2018 йилда туғилган К.А.га 2020 йил 12 мартда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокорлари томонидан “Ўнг томонлама чов ёрғоқ чурраси” ташхиси қўйилган. Шундан сўнг бемор мазкур муассасада малакали жарроҳ А.О. томонидан муваффақиятли операция қилинган.
Амалиётдан сўнг К.А.да жароҳатлар асоратсиз битган ва операциядан 5 кун ўтиб, уйига рухсат берилган. Видеолавҳадаги бемор танасида операция чоғида бинт қолиб кетганлиги тўғрисидаги важлар эса ҳақиқатга зид. Қолаверса, ўша вақтда боланинг ота-онаси томонидан тиббиёт муассасасига жарроҳлик амалиёти юзасидан ҳеч қандай эътироз бўлмаган.
Энди ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳадаги яна бир ҳолатга тўхталамиз. Юқорида айтганимиздек, аввал бажарилган операция боланинг чап чов соҳасида муваффақиятли ўтказилган ва амалаиётдан сўнг асоратлар кузатилмаган.
Бироқ вақт ўтиши билан беморнинг бошқа нуқтаси, яъни ўнг томонлама чов ёрғоқ чуррасида хасталик юзага келган. Видеолавҳада худди шу манзара тасвирланган.
Шу боис К.А. жорий йил яна жарроҳлик амалиётига муҳтожлиги туфайли 25 октябрь куни вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига даволаниш учун ётқизилди. Якуний тиббий текширувлардан сўнг у 27 октябрь куни онасининг илтимосига кўра, аввалги жарроҳлик амалиётини бажарган малакали шифокор А.О. томонидан операция қилинди. Айни пайтда боланинг аҳволи яхши ва у шифокорлар назорати остида тиббий муолажаларни давом эттирмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, тиббиёт ходимларининг шаъни, қадр-қиммати, ишчанлик обрўсига путур етказиш мақсадида бундай ёлғон ва нохолис маълумотларни эълон қилиш нафақат қонун талаблари, балки ахборот етказиш этикасига ҳам тўғри келмайди. Шу сабабли вазирлик мазкур асоссиз хабарни тарқатиш ҳолати юзасидан тегишли ташкилотларга мурожаат қилади.