"Барселона"га ярим ҳимоячилар керак

"Барселона"га ярим ҳимоячилар керак

"Барселона" бош мураббийи Хави Эрнандес қишки трансферлар ойнасида жамоага янги номлар олиб келинишини билдирганди. Гави бутун мавсумга сафдан чиққач, бу масала янада актуаллашди. Қолаверса, жамоанинг сўнгги натижаларини зўр деб бўлмайди. Шу сабабли, бир нечта позициялар кучайтурилиши керак. Қуйида каталонияликлар радарида турган футболчиларни билиб оласиз.

Витор Роке

Аслини олганда, Роке борасида ҳамма нарса ҳал қилиб бўлинган. У кейинги мавсумдан жамоада бўлиши керак. Аммо Гавининг жароҳати сабабли бу иш эртароқ ҳам амалга ошиб қолиши мумкин. 18 ёшли ярим ҳимоячи ҳозирда "Атлетико Паранаэнсе" сафида ижара асосида ҳаракат қилиб турибди. Унинг келиши эса январь ойига кўчирилади.

Артур Вермерен

"Антверпен" ярим ҳимоячиси аллақачон катта жамоалар қизиқишлари доирасида турибди. У собиқ "Барселона" юлдузи Марк ван Боммел устозлиги остида ҳаракат қилади. Вермеренга "Барса"дан ҳам қизиқишлар бўла бошлади. Аммо 18 ёшли ярим ҳимоячининг хариди осон кечмайди. Негаки, унга "Арсенал", "Ливерпуль" ва "МЮ" ҳам даъвогарлик қилмоқда. Вермерен учун АПЛ клублари 20 миллион евро таклиф этгани ҳақида хабарлар мавжуд.

Йен Матсен

Хави Матсенни шахсан кузатиб келмоқда. Чап қанот ҳимоячиси доимо ўзидан яхши таассурот қолдирган. Аммо нидерландиялик футболчи Почеттино жамоасида майдонга туширилмаяпти. Шу сабабли қишда "Челси" Матсенни сотувга қўйиши мумкин. У ўтган мавсумда "Бёрнли" сафидаги ажойиб ҳаракатлари билан ажралиб турганди.

Жейдон Санчо

Санчо Эрик тен Хаг билан келишмовчиликдан кейин жамоадан кетиши аниқ бўлиб улгурди. Битта масала қолди. У ҳам бўлса, ҳужумчи кейинги манзил сифатида қаерни танлашидир. Санчога ҳозир "Боруссия Дортмунд" ва "Ювентус" асосий даъвогарлар сифатида кўрилмоқда. Аммо "Барселона" ҳам 22 ёшли вингер аҳволини жиддий кузатиб турибди. Кутилмаганда, Хавидан ҳам юриш бўлиб қолиши мумкин. Санчо эса қаерга боришидан қатъий назар, ўйин амалиётига эга бўлиши керак.

Луис Диас

Луис Диасни "Барселона"га ўтиши асосан миш-миш хабарларда ўз аксини топмоқда. Бундай хабарлар тарқалишига эса футболчининг отаси "Барса" мухлиси экани сабаб бўлган. Жаноб Диас бир умр Каталонияга боришни орзу қилган. Реалликка қарайдиган бўлсак, Диас ҳеч қаёққа кетмайди. Унинг 2027 йилга қадар мўлжалланган битими бор. Аммо "Барселона" Диас ўрнига Рафиньяни таклиф этиши ҳам мумкин. Шундай ҳолатда, нимадир содир бўлади.

Жованни Ло Чельсо

Ло Чельсо, олдин ҳам хабар берилганидек, Гави ўрнини тўлдириш учун сотиб олиниши мумкин. 27 ёшли ярим ҳимоячи "Тоттенхэм"да ўз ўрнига эга эмас. Шу сабабли у яна Ла-лигага қайтишга қарши бўлмайди. Аргентина терма жамоаси аъзоси бундан олдин "Вильярреал" ҳамда "Реал Бетис"да ўйнаган. Шундай экан, Ло Чельсога Испания футболи таниш. "Барселона" эса уни мавсум охирига қадар ижарага олиши мумкин.



Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!