Андижонда кунига 10 соат "свет" ёнмаётгани ростми?

Андижонда кунига 10 соат "свет" ёнмаётгани ростми?

Андижон туманининг «Ёрқин ҳаёт» маҳалласида яшовчи аҳоли Парламент сайловлари ва Янги йил байрами ўтгач, 2020 йил 10 январдан бошлаб электр энергиясида узилишлар кўпайганидан шикоят қилмоқда. «Дарё» мухбири Андижон вилоятига қарашли шаҳар ва туманлардаги электр таъминотидаги узилишларига эътибор қаратди.

— Бир неча йилдан буён «свет» ўчиши бўйича турли ташкилотларга мурожаат қилавериб, чарчагандик. 2019 йилнинг декабрь ойидаги сайлов муносабати билан қолаверса, Янги йил байрами арафасида узлуксиз ток беришди. Бундан хурсанд бўлиб, чин кўнгилдан раҳбарлар ҳаққига дуо қилдик. Бироқ бу қувончимиз узоққа етмади. 10 январдан яна электр энергиясидаги узилишлар бошланди», – дейилади Андижон туман «Ўрикзор» маҳалла фуқаролар йиғинидаги «Ёрқин ҳаёт» кўчасида яшовчи аҳоли томонидан йўлланган мурожаатда.

Ҳудуд аҳолисининг шикоят қилишича, электр таъминотидаги узилишлар сабаби аниқ айтилмайди.

— Туман электр корхонаси навбатчиларига қўнғироқ қилсак, ‘вилоятдан чеклов қил, деб буйруқ бўляпти’ дейишади. Вилоятга алоқага чиқсак, аниқ жавоб айтишмайди. Гоҳ ‘авария бўлди’, гоҳида ‘блоклар кўтармаяпти’ деган турли важлар келтиришади, — дейди шу маҳаллада яшовчи Ҳамидулло Мамадалиев.

«Дарё» мухбири билан суҳбатлашганларнинг айтишича, электр токидаги узилишлар мактаб ёшидаги болаларнинг дарс тайёрлашига ҳам қийинчилик туғдирмоқда.

— Ўчирсин. Фақат эрталаб ишга кетаётганда ёки кечки пайт ишдан қайтганда эмас, кундуз куни электр токига эҳтиёж кам бўлган пайт узсин, — дейди Усмонжон Юсупов. — Ахир эрталаб нонушта қилишга, ишдан қайтганда эса кечки овқат ейишга имкон бўлиши керак-ку. Биз-ку майли, фарзандларимиз ҳам дарс тайёрлаш учун «свет» ёнишини кутиб, аксарият ҳолларда ухлаб қоляпти.

Мурожаатчиларнинг таъкидлашича, маҳалладаги барча хонадонларга 100 фоиз янги ҳисоблагичлар ўрнатилган.

Маҳалла фаоли Баҳодир Муҳаммадиевнинг айтишича «Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамиятидан доимий равишда қуйидаги мазмундаги жавоблар келади.

Фото: Баҳодир Муҳаммадиев

«Сизнинг мурожаатингиз бўйича Андижон туман электр таъминоти корхонаси ходими сиз билан телефон орқали боғланиб, электр энергияси бўйича муаммоларингизни ўрганди. «Ёрқин ҳаёт» кўчаси «НС-Камолот» фидер «Истиқлол» 530-сонли трансформатор пунктидан электр энергия билан таъминланади. Ўрганиш жараёнида электр энергияси носозликлар туфайли ўчиб қолганлиги аниқланди ва сизга тушунтириб ўтилди. Шу сабабли Андижон ТЕТК ходимлари томонидан электр симлари дарахтлардан тозаланди ва сиз яшаб турган ҳудуд электр энергияси билан таъминланди».

Мутасаддиларнинг жавоб хатларидан маълум бўлишича, ҳудудда йилдан йилга аҳоли ва саноат ишлаб чиқариш объектлари кўпайган. Ўтган йили шу кунларда вилоят 11 миллион кВт электр энергияси истеъмол қилган бўлса, бугунги кунда сарфланиш 13 миллион кВтдан ўтмоқда. Жойлардаги узилишлар «Андижон туман электр таъминоти» корхонаси томонидан ишлаб чиқилган ва Андижон туман ҳокимлиги билан келишилган ҳолда электр энергия миқдори белгиланган лимитдан ортиқча истеъмол қилинган ҳамда ўта юкламали вақтларда 110/35/10 кВ кучланишли «Камолот» нимстанция, яъни марказдан чеклов жадвалига асосан амалга оширилмоқда.

«Ҳар гал шундай жавоблар берилади, — дейди Баҳодир Муҳаммадиев. — Бироқ шаҳар ҳудудига қаровчи кўчанинг нариги томонида умуман «свет» ўчмайди. Нима улар учун лимит белгиланмайдими ёки лимити шунчалик кўпми? Ачинарлиси, мурожаат давомида шу каби сўзларни айтганимиздан кейин вазият яхшиланади ва ҳеч қанча ўтмасдан яна эски ҳолатга қайтади.

«Маҳалламиз ҳудудида бирорта ҳам ишлаб чиқариш корхонаси йўқ. Аммо электр таъминотидагилар сизлардаги корхоналар ишлаётгани боис трансформаторлар қизиб кетмоқда, дейишади, — дейди Козимжон Халилов. – Қизиқ, унда нега сайлов ва янги йил ўтиб бўлгунча ўчиришмаса ҳам қизиб кетмади? Бу гапларни эшитиб кулгингиз келади. Ишонарли баҳона топишса бўлади-ку. Йўқ алдашдан тўхташмайди. Яна баҳоналари ичида қарздорлик ҳақида гапиришади. Одамлар МИБчилар келса токимни узиб кетади деб ортиғи билан тўлаб қўйган. Давлат ташкилотларида ишлайдиганлардан ушлаб қолишади. Қарздорларнинг асосий қисми амалдорлар эканлигини биламиз, Афсуски, каттаконларга уларнинг миллион-миллион қарзи бўлса ҳам ҳеч ким «ғинг» демайди. Қўрқади-да...

"Дарё"га мурожаат қилган Жалақудуқ, Асака, Марҳамат, Қўрғонтепа ва бошқа туманларда яшовчи фуқаролар ҳам ҳар куни 7-8 соатлаб давом этаётган электр узулишларидан норозилик билдирган. Қўрғонтепа туманига қарашли Қорасув шаҳри «Мустақиллик» маҳалласида яшовчи мурожаатчининг айтишича, 10 январдан буён ҳар икки соатда ток ўчади. Икки-уч соат ёқишмайди. 16 январь куни тонги соат 5:00 да ўчган электр токи 7:00 да ёнган. Бу каби ҳолатлар 10 дан 12 гача, 13 дан 15 гача, 15:30 дан 20:30 гача такрорланган. Бундан кўриниб турибдики, ҳақиқатан ҳам кунлик узилишлар 10 соатга етмоқда.

Жалақудуқликларнинг маълум қилишича 16 январь куни электрдаги узилишлар 7 маротабага етган, 10 соатдан ҳам ортиб кетган.

— Шаҳрихон туманидаги Дўрмон, Ортиш ва Хўжаобод маҳаллаларида 3 кундан бери электрдаги узилишлар сони кунига 4-5 мартагача етмоқда, — дейди «Дўрмон» маҳалласида яшовчи ўзини Жасурбек Мамадалиев деб таништирган фуқаро. – Электр таъминоти корхонасига қўнғироқ қилсак кўтармайди, аксарият ҳолатларда умуман тушиб бўлмайди. Мана бугун (2020 йил 16 январь назарда тутилган) ҳам соат 8;30 ларда ўчган ток 12:20 ларда ёнди. Ачинарлиси хоҳлаганда ўчиришади, истаганда ёқишади. Бунақа ҳолатга чидаб бўлмаяпти. Газ ёки кўмир билан уйни иситишнинг имкони йўқ. Бу ёқда эса болалар, ёши катталар совуқдан азият чекмоқда.

Вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси диспетчерлик хизмати ходимлари билан боғланганимизда узилишлар Республика Энергетика вазирлиги топшириғига асосан амалга оширилаётганлигини, улар топшириқни бажарувчи шахслар эканлигини билдиришди. Шундай бўлса-да турли қаршиликларга қарамай енгил ҳолатда 7-8 соатдан ўчирилаётганлигини ҳам таъкидлашди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!