6 ёшли Темур 1 ярим йилдан сўнг онаси бағрига – Россияга қайтарилди

6 ёшли Темур 1 ярим йилдан сўнг онаси бағрига – Россияга қайтарилди

Жорий йилнинг февраль ойида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил А.Т.Юнусовага Россия Федерацияси Свердловск вилояти Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Т.Г.Мерзлякова мурожаат қилиб, унга юборилган мурожаатни хал этишда ҳамкорликда ишлаш таклифини билдирди. Хатга илова қилинган мурожаатда Россия фуқароси Е. С. Ўзбекистон Республикасида бўлган 6 ёшар ўғли Темурни Россияга қайтариш бўйича ёрдам сўраган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизматининг "Aniq.uz"га маълум қилишича Е. С, турмуш ўртоғи билан ажрашганидан сўнг, собиқ эри Бухоро вилоятида қолган, ўғли эса у билан Россия Федерациясида яшаган. Шунга қарамай, Е. С. ўғли Темурни отаси ва унинг қариндошлари билан мулоқот қилишига ҳеч қандай тўсқинлик қилмаган. Хаттоки, 2019 йилнинг август ойида собиқ қайнонаси Ш. Ш.га ўғлини Бухорога бориб келиши учун розилик берган. Темур 2020 йилнинг 10 февралига қадар Россияга қайтиши керак эди. Лекин, 2020 йилда дунё бўйлаб тарқалган каронавирус инфекцияси туфайли қатъий карантин талаблари ўрнатилгани учун авиа қатновларнинг тўхтатилгани сабабли собиқ қайнона набирасини қайтариб олиб боришни рад этган.

Она ўз мурожаатида ўғли Бухорода бўлган пайтлари у билан телефон орқали кам мулоқот қилгани сабабли, собиқ турмуш ўртоғининг ихтиёрий равишда ўғлини қайтаришига шубҳа қилган. Шундай бўлсада, карантин талаблари енгиллаштирилгач, Е. С. ўғли ва собиқ қайнонаси учун жорий йил 11 февраль куни Тошкент-Москва рейсига чипталар сотиб олган.

Россия Федерациясининг Свердловск вилояти Вакили Т.Г.Мерзлякова билан телефон орқали суҳбатлашилганда, у Ўзбекистон Бола ҳуқуқлари бўйича вакили А.Т.Юнусовадан мазкур вазиятни назоратга олиши ва Темурни Россия Федерациясига қайтаришда ёрдам беришни сўраган.

Шундан сўнг Алия Юнусова болани уйига қайтариш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида Бухоро вилояти прокуратурасига мурожаат қилди. Афсуски, 11 февраль куни Темурнинг бувиси бетоб бўлиб шифохонада даволаётгани сабабли болани онасига қайтаришни имкони бўлмади.

Шароитдан келиб чиқиб Бола ҳуқуқлари бўйича вакил тезлик билан Васийлик ва ҳомийлик органлари, Бухоро вилояти прокуратураси, Бош прокурор ўринбосари С.Артикова, Транспорт прокуратураси билан алоқага чиқиб, болани зудлик билан онаси бағрига қайтариш чораларини кўрди. Натижада бола Бухоро шаҳридаги васийлик ва ҳомийлик органининг вакили ҳамроҳлигида жорий йилнинг 27 февраль куни эрталаб Тошкент халқаро аэропортига етказилиб, "она ва бола" хонасига жойлаштирилди. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Туйгуновна ҳам аэропортга бориб, бола учун барча зарур шарт-шароитлар яратилганини тасдиқлади. Хуллас шу куни кечқурун бола Тошкент-Москва рейси орқали онаси бағрига қайтарилди. Москвада ўғлини кутиб олган она Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга ўғли билан биргаликда тушган фотосуратларни юбориб, Темурни соғ-саломат қайтаришдаги ёрдами учун ўз миннатдорчилигини изҳор қилди.

 

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!