18 ёшли андижонлик йигит 5-бор жиноятга қўл урди. Бу сафар масжидда

18 ёшли андижонлик йигит 5-бор жиноятга қўл урди. Бу сафар масжидда

Қаҳрамонимиз Азамат Қодиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) 1991 йилда Андижон вилоятида туғилган. Маълумоти ўрта-махсус, вақтинча ишламайди. Муқаддам бир неча ўғирлик, фирибгарлик, босқинчилик каби жиноятларни содир этиб панжара ортида ўтириб чиққан.

А. Қодиров 18 ёшида жиноят содир қилди.

Дастлабки жинояти учун ўзи туғилиб ўсган Қўрғонтепа туман жиноят судининг ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан айбланиб, 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Ҳукуматимизнинг инсонпарварлик, адолатпарварлиги боис Олий Мажлис Сенатининг 2009 йил 28 августдаги амнистия актига асосан жазодан озод қилинган.

Азамат озодликка чиқиб ҳам ўзига тўғри хулоса чиқармади. Яна жиноят кўчасига кирди. Босқинчилик қилди. Оқибатда жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа туман судининг 2012 йил 13 апрелдаги ҳукмига асосан 3 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Қамоқдан чиқиб янажиноятга қўл урди. Бу гал унга Жалақудуқ туман суди 1 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

А.Қодиров 2016 йилда тўртинчи жиноятини содир қилди. Бу гал суднинг ҳукми билан 2 йилга кесилди. Одил суд унинг ишини назорат тартибида ўрганиб, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Ангрен шаҳар судининг 2016 йил 12 августдаги ажрими асосида Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан ўталмай қолган 1 йил 3 ой 17 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси иш ҳақининг 25 фоизи миқдорини давлат даромадига ундирган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилди.

Азамат Қодиров иши жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар судининг 2018 йил 14 майдаги ажрими билан Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан ўталмай қолган 11 ой 14 кун озодликдан маҳрум қилиш жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. Азамат қамоқдан чиқибоқ яна жиноятга қўл урди.

Қамоқдан шартли озод қилинган Азамат Қодиров охирги бор қанақа жиноят содир қилган дерсиз?

Маълум бўлишича, А.Қодиров бир қанча жиноятларни содир қилгани учун хавфли рецидивист деб топилган эди. У таниши Ў.Орипов билан олдиндан тил бириктириб, ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида 2018 йил 19 декабрь куни соат 17:20ларда Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Кўкча дарвоза кўчасида жойлашган “Шайх Зайниддин” жомеъ масжидида фуқаро Ш. Илҳомовга тегишли бир дона қора рангли нархи 150.000 сўмлик оёқ кийимини яширин равишда ўғирлаб, воқеа жойидан қочган.

Бундан ташқари, Азамат худди шу куни шу соатда Н.Рустамовга тегишли бир дона қора рангли нархи 880.000 сўмлик эркаклар курткаси ва куртка ичида бўлган жами 2.500.000 сўм миқдордаги пулни, Д.Лазизовга тегишли бир дона қора рангли, нархи 400.000 сўмлик “CORBONA” номли эркаклар курткасини яширин равишда ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган...

Азамат Қодиров судда ва суддан кейин ёзган апелляция шикоятида қилмишидан афсусда эканлиги, оилавий шароити оғирлиги, ота-онаси оғир касаллиги, ҳали оила қурмаганлиги, оилада ягона боқувчи эканлигини инобатга олиб, унга яна бир имкон беришни сўради.

Судланувчининг айби жабрланувчи ва гувоҳларнинг суддаги кўрсатмалари, жабрланувчиларнинг аризалари, ИИО ФМБ ходимларининг билдиргилари, далолатнома, дастлабки тушунтириш хатлари, воқеа жойи чизмаси, далилий ашёларни олиш баённомалари, нарсани кўздан кечириш баённомаси ва унга илова қилинган фотожадвал, юзлаштириш баённомалари ҳамда жиноят ишидаги бошқа объектив далиллар йиғиндиси билан ўз исботини тўлиқ топди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман судининг 2019 йил 18 февралдаги ҳукмига кўра Азамат Қодировга Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Жиноят кодексининг 60-моддаси тартибида бир неча ҳукм юзасидан, тайинланган жазони қисман қўшиш йўл билан, яъни жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти Қўрғонтепа туман судининг 2016 йил 1 февралдаги ҳукмига кўра ўталмай қолган жазони қисман қўшиб, узил-кесил ўташи учун 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини қаттиқ тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

А.Қодиров суд ҳукмидан норози бўлиб жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига апелляция шикояти келтирди.

Биринчи босқич суди томонидан А.Қодировга нисбатан жазо тури ва меъёрини тайинлашда инсонпарварлик ҳамда одиллик принципларига таянган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги Қарорининг тушунтиришларига риоя қилиб, жиноят иши бўйича барча енгиллаштирувчи ҳолатларни хусусан, оилавий шароитини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини инобатга олиб, унга айбли деб топилган модда санкцияси доирасида озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаб, тўғри хулосага келган.

Бундай ҳолатда А.Қодировга чиқарилган суд ҳукмини ўзгартириш, унга тайинланган жазони янада енгиллаштириш учун ишда асослар мавжуд эмаслиги судланувчига тушунтирилди ва ҳукм ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

Анжела Шамсутдинова,

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!