11,5 тонна кокаин: Гиёҳванд моддаларнинг тарихдаги энг йирик партияси аниқланди

11,5 тонна кокаин: Гиёҳванд моддаларнинг тарихдаги энг йирик партияси аниқланди

Бельгия ҳуқуқ-тартибот идоралари Антверпен портида кокаин гиёҳванд моддасининг тарихдаги энг йирик партиясини аниқлашга муваффақ бўлди. Топилган кокаин миқдори 11,5 тоннани ташкил қилади. 

Кокаин партиясининг умумий қиймати 450 млн еврони ташкил қилиб,бу бирор давлатга хориждан етказилган гиёҳванд моддаларнинг дунёдаги энг йирик партияси ҳисобланади. Чакана савдода ушбу гиёҳванд моддалар 900 млн еврога сотилиши мумкин эди. 

Кокаин 5 та юк контейнерида аниқланган. Ҳужжатларга кўра, контейнерларда Гайанадан Бельгиянинг Зебрюгге портига металлолом ташилган. 

Терговчилар аниқланган партия дастлаб Зебрюгге портига, у ердан эса Антверпенга етказилганини аниқлашган. Оғуфурушлар кокаинни қўшни Нидерландияда сотмоқчи бўлишган.

Гиёҳванд моддаларни аниқлаш бўйича амалиёт лотин америкалик оғуфурушлар тўдасини бартараф этиш доирасида ўтказилган. Жиноий тўда Жанубий Америкадан Бельгияга мунтазам гиёҳванд моддалар етказишда гумон қилинмоқда. 

Бельгия ҳуқуқ-тартибот идоралари охирги бир неча йил давомида Антверпен порти орқали наркотрафик даражаси ошганини таъкидлашмоқда. 2016 йилдан 2019 йилгача ушбу портда 3,2 млрд евролик гиёҳванд моддалар мусодара қилинган.  


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!