Юртимизнинг олтин-валюта захиралари рекорд даражага етди

Марказий банкнинг маълум қилишича, жорий йилнинг март ойида юртимизнинг олтин-валюта захиралари рекорд даражалик кўрсаткичга етиб, 47,85 миллиард долларни ташкил этган.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, регулятор захираларидаги активларнинг умумий қиймати бир ойда 2,91 миллиард долларга ёки 6,47 фоизга ошди. Натижада кўрсаткич жорий йилнинг февраль ойидаги рекордни янгилади.
Марказий банк олтин захиралари қиймати 2 миллиард доллардан ортиққа кўпайиб, жами улуши 36,88 миллиард долларни ташкил этди. Бу захира активларида олтин нархининг рекорд даражалик кўрсаткичидир. Бироқ олтиннинг физик ҳажми 12,18 миллион трой унция (379,45 тонна) дан 11,82 трой унция (367,09 тонна)га камайган.
Марказий банк изоҳида қайд этилишича, мамлакатимиз ялпи халқаро захиралари 2025 йилнинг март ойида 2 миллиард 910,4 миллион долларга ошди. Хусусан, ой давомида олтин нархининг 2 861,40 доллардан 3 120,20 долларгача ошиши таъсири +3 млрд 59,0 млн долларни ташкил этди.
Бундан ташқари, ўтган ойда Ўзбекистоннинг валюта захиралари ҳам 883,06 млн. долларга ошган. Уларнинг ҳажми 10,41 млрд. долларни, шу жумладан, бошқа мамлакатлар марказий банклари ва ХВЖдаги ҳисоб-рақамларида 358,98 млн долларни ҳамда хорижий банкларда 9,85 млрд. долларни ташкил этмоқда.
Шунингдек, Марказий банк томонидан харид қилинган қимматли қоғозлар қиймати бир ойда бироз ошиб, 203,12 миллион долларга етди.
Қимматли қоғозлар ҳажми икки баравар кўпайиб, 200 миллион доллардан ошди, уларнинг олтин-валюта захираларидаги улуши эса 0,45 фоизгача ўсди.