БМТ Қочқинлар ишлари бўйича бошқармаси Украинадаги янги кўчирилган шахсларга кўрсатилаётган ёрдамни қисқартирди

БМТ Қочқинлар ишлари бўйича бошқармаси Украинадаги янги кўчирилган шахсларга кўрсатилаётган ёрдамни қисқартирди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
"Бундай қарор АҚШ томонидан ёрдамнинг тўхтатилгани ва донорларнинг камайиши туфайли қабул қилинган", — дея маълум қилди БМТ Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Украинадаги вакили Каролина Линдҳолм Биллинг.
Гап психосоциал ёрдам, вақтинча турар-жой қурилиши учун материаллар тақдим этиш ва пул кўринишидаги ёрдам кўрсатиш кабилар ҳақида кетмоқда.
БМТ Қочқинлар агентлиги бу каби гуманитар ёрдамнинг энг йирик етказиб берувчиси бўлиб, Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан буён 450 мингга яқин кишига ёрдам кўрсатган. 2024 йилда ташкилот ўз маблағларининг 40 фоизини АҚШдан олган эди.
Украинада жорий йил январидан бери бўлиб ўтган кучли бомбардимонлардан сўнг Павлоград ва Сумидаги БМТ қочқинлар агентлигининг транзит марказлари орқали деярли 7 700 киши кийим-кечак, гигиена воситалари, шунингдек, ҳуқуқий ва психосоциал ёрдам олган.
"Улар деярли ҳеч қандай нарсасиз ва чуқур руҳий жароҳат билан келишмоқда", — деди Биллинг.
Бошқарманинг қайд этишича, ташкилот ва унинг ҳамкорлари зарур молиявий кўмак тақдим этилса, самарали фаолият юритиш учун етарли салоҳият ва имкониятларга эга бўлади.