«Юксалиш» раҳбари жамоат транспортида мажбурий қўлқоп кийишни мантиқсизлик деб атади

«Юксалиш» раҳбари жамоат транспортида мажбурий қўлқоп кийишни мантиқсизлик деб атади

Йўловчиларлар 19 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳар жамоат транспорти (автобус, метро, йўналишли такси) хизматидан фойдаланганда тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлиш тартиби жорий этилгани ҳақида хабар берилганди.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов ушбу талабни мантиқсизлик деб атаб қуйидагича фикр билдирган.

«Транспорт вазирлиги томонидан жорий этилган Тошкент шаҳар жамоат транспорти (автобус, метро, маршрутка) хизматидан фойдаланганда йўловчиларнинг тиббий қўлқопда бўлиш тартиби жамоатчилик орасида баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Бизда ҳам ушбу қарорнинг мантиқийлиги ва ҳуқуқийлиги юзасидан иккита асосий шубҳа бор:

Биринчидан, жамоат транспортида қўлқоп тақилиши ҳақида Махсус комиссия қарори ёки бирор юридик ҳужжат йўқ. Транспорт вазирлигининг бундай қарор қабул қилишга ваколати борми? Агар шундай ҳужжат бўлса, уни эълон қилиш керак.

Иккинчидан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус инфекциясидан сақланишда қўлқоп тақиб юришни самарасиз, деб топган. Жумладан, ЖССТ сайтида COVID-19 бўйича савол-жавоблар билан бирга маълум бир тавсиялар ҳам бериб борилади. Айнан қўлқоп тақиш борасида қуйидаги тавсия мавжуд:

Қўлқоп тақиш самарали эмас. Қўлқопларда вирус тўпланади ва инсон агарда қўлқоп тақилган қўл билан юзига тегса, кўз ёки оғиз орқали вирус юқиши мумкин. Қўлларни мунтазам ювиш ёки спирт воситасида артиб туриш самаралироқ.

Қўлқоплар текинга тарқатилгани билан уларни харид қилиш харажатлари охир-оқибат солиқ тўловчиларнинг ҳисобидан амалга оширилади.

Шу муносабат билан Транспорт вазирлиги ушбу тартибни бекор қилиши ва бунинг ўрнига фуқаролар билан маслаҳатлашиб, бошқа (қўлни дезинфекция қилиш учун диспенсерларни ўрнатиш каби) ҳимоя усулларини таклиф қилиши керак», – деб ёзади Бобур Бекмуродов.

Эслатиб ўтамиз, Транспорт вазирлиги бунда ташувчилар томонидан жамоат транспорти йўловчиларига қўлқоплар бепул тақдим этилиши, йўловчиларнинг қўлқоп кийган-киймаганини махсус ишчи гуруҳ назорат қилиб боришини маълум қилган. Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев эса жамоат транспортида йўловчиларга тарқатиладиган тиббий қўлқоплар транспорт корхоналари ҳисобидан, яъни давлат томонидан қопланишини билдирган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!