Ўзбекистонда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича Стратегия тасдиқланди
Ўзбекистонда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича Стратегия тасдиқланди.
Мазкур стратегия Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг амалий ва тизимли ижросини таъминлаш, шунингдек болаларнинг хавфсизлиги ва қўллаб-қувватланишини кафолатлайдиган барқарор механизмни шакллантиришга қаратилган.
Фармон фуқароларга болалар ва халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятларимизни бажариш, мамлакатнинг фаол позициясини, зўравонликка муросасизлигини ва уни бартараф этишдаги қатъиятини тасдиқлаш имконини беради.
"Бугун Президентимиз томонидан 2026–2030-йилларда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси тўғрисидаги Фармон имзоланди. Ҳужжат жамоамиз томонидан жаҳон тажрибаси ва илғор амалиётлар асосида ишлаб чиқилиб, болалар учун ишончли ҳимоя тизимини яратишга қаратилган.
2026 йилдан профессионал тутинган оилалар билан иш йўлга қўйилиб, болалар ва оилалар психологик ҳамда ҳуқуқий ёрдам олади. Устувор мақсад — оилани қўллаб-қувватлаш ва уни сақлаб қолиш.
Шунингдек, ўқув-тарбия муассасалари ўрнида болаларни жамиятга мослаштиришга хизмат қилувчи ижтимоий интеграция марказлари ташкил этилади, қонунчиликдаги ўзгаришлар эса бола ҳуқуқларини кучайтиришга қаратилган.
Ушбу ислоҳотларни амалга оширишда иштирок этган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги жамоаси ва барча ҳамкорларга миннатдорлик билдираман", — деб ёзди Шаҳноза Мирзиёева.
Стратегияга мувофиқ кучга кираётган ўзгаришлар ҳақида батафсил қуйидаги ҳавола орқали билиб олишингиз мумкин.
