Сенат 2026 йилги давлат бюджетини маъқуллади
Олий Мажлис Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисида “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун маъқулланди.
Сенат матбуот хизматининг қайд этишича, қонун кенг жамоатчилик ва мутасадди ташкилотлар иштирокида, маҳаллий Кенгашлар сессиялари, Сенат қўмиталари мажлислари доирасида батафсил ўрганилди. Жараёнда бюджет маблағларининг тақсимланиши, устувор йўналишларнинг асосланганлиги ва самарадорлиги юзасидан чуқур таҳлиллар амалга оширилди.
Сенаторлар 2026 йил давлат бюджетида аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, халқ фаровонлигини юксалтириш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш тизими билан қамровни кенгайтириш ҳамда сифатли таълимни таъминлаш каби ижтимоий соҳа йўналишларига устувор аҳамият берилганини алоҳида таъкидлади.
Хусусан, давлат бюджети харажатларининг қарийб 55 фоизи – 220 трлн сўми ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда. Жумладан, таълим соҳасига 100 трлн сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига эса 49 трлн сўм ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, бу кўрсаткич жорий йилга нисбатан 11,4 фоизга оширилмоқда.
Қонунга мувофиқ, 2026 йилда инфляция даражаси 7 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Давлат бюджети харажатлари 402,6 трлн сўм, даромадлари эса 368,9 трлн сўм миқдорида белгиланган. Давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари 78,6 трлн сўмни, харажатлари эса 74,4 трлн сўмни ташкил этиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, консолидациялашган бюджет даромадлари 515,8 трлн сўм, харажатлари 567,6 трлн сўм миқдорида шакллантирилган бўлиб, унинг тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан ошмаслиги назарда тутилган.
Муҳокамалар чоғида сенаторлар бюджет даромадларини ошириш, маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, белгиланган макроиқтисодий вазифаларни изчил амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда давлат дастурларида белгиланган муҳим тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш зарурлиги қайд этилди.
Муҳокамалар якунида сенаторлар “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунни маъқуллади.

