Яшасин, яхшилик!

Яшасин, яхшилик!

Кўриниб турган одамнинг яхшилигини билмаган, ғойибдаги Аллоҳнинг яхшилигини қайдан билсин?
Ҳадисдан.

Бу мавзуда ёзишга анчагача журъат қилолмадим. Кейин яхшиликни ёритиш керак деган хулосага келдим, токи бошқаларга ҳам ибрат бўлсин.

Мирзо Улуғбек тумани Тошкент шаҳрининг саноати, маданияти, умуман салоҳияти, кўзга кўринган туманларидан бири ҳисобланади. Халқ таълими бўлимига бундан икки йиллар олдин янги мудир сайланди. Қарашларидан нур, сўзларидан сеҳр, вужудидан ғайрат ёғилиб турган бу дилбар аёлни кўриб маҳлиё бўлиб қолган бўлсам, у кишининг нотиқлик қобилиятларини кўриб  лол бўлиб қолганман.

Эсимда раҳбарлик лавозимидаги илк мажлисни ҳам оддий ўқитувчилар билан ўтказган, қалбимизга бир олам умид олиб кирган эдилар.

Мажлис тугаб уйга қайтяпмиз-у шунақа раҳбарлар ҳам бўлар экан-да, деб бир- биримизга гап бермай келяпмиз.

Замон шиддатли, талаблар ҳам тезкор...Қизиқ, бир хил талабни икки хил айтса ҳам бўлар эканда. Эркалаб, келажакка ишонтириб, дўқ- пўписасиз...

Кейин - кейин янги мудир  бошчилигида Мирзо Улуғбек туман ХТБ томонидан бир- биридан ажойиб ғоялар, лойиҳалар ҳаётга татбиқ этила бошланди, шулардан бири- "Алломалар ҳафталиги“ни ташкил этиш ғояси эди. Ҳар ҳафта битта буюк алломага бағишланади. Дарсларда ўқувчиларга буюк алломанинг асарлари, ҳаёт йўли сингдирилади.

Ўзбек — дунёга даҳолар ҳадя этган юрт, буюк алломаларнинг асарлари эса — дурдона. Аста-секин бу лойиҳа ўз натижасини бера бошлади. Тасаввур қилинг, фарзандларингиз ҳар ҳафта бир буюк аллома асарларини ўқиб-ўрганса, устозлар эса изланса, ўз устида ишласа...

Ўзим учун энг ёқимлисини айтмабманку?
2019-йил октябрь ойида Мирзо Улуғбек туман ҳокимияти ва Мирзо Улуғбек туман ХТБ ташаббуси ва ҳомийлигида "Ўз касбининг моҳир устаси" танлови ташкил этилди. Танловнинг ўзидан ҳам тақдирлаш маросими гўзал бўди. Сатира театрининг биноси ўқитувчилар билан лиқ тўла, саховатреша Мирзо Улуғбек туман ҳокимияти томонидан тайёрланган қимматбаҳо совғалар саҳнани тўлдирган. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, юзлаб устозларга қимматбаҳо совғалар топширилди (электр гўштқиймалагичлар, сок чиқарувчи мосламалар, дазмоллар, электр човгумлар...).

3-ўрин ғолибига қимматбаҳо телефон, 2-ўрин ғолибига телевизор, 1- ўрин соҳиби — каминага эса сўнгги русумдаги ноутбук компьютери совға қилинди.

30 йиллик устозлик фаолиятимда фахрий ёрлиқдан бошқа совға кўрмаган мендек оддий ўқитувчи  учун бу — олий мукофот эди. Уйга келганимда ҳам ҳаяжондан қалтирар эдим.

Бу мақолани эса мана орадан 2 ой ўтиб ёзишга жазм этдим, ҳаяжонларим босилгач...

Алишер Навоий бобомизнинг шундай мисралари бор:

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борки, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.

Маъноси ўзингиз тушунганингиздек, бир инсонни хурсанд қилиш, бузилган Каъбани тиклашга тенглаштирилмоқда.

Азиз, Яхшигул Насимовна, барчаси учун ташаккур! Сезасизми, йўқми, ҳар сафар мени кўрганингизда “Опа, мен сизга ишонаман,“ дейсиз. Бу менга куч, илҳом бағишлайди.

Биз ҳам сизга ишонамиз, яхши ишлар қилишдан чарчаманг, буюк алломаларимизнинг руҳи сизни қўлласин!

Ҳурмат билан,
Феруза Салходжаева
Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги 248-мактаб ўқитувчиси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!