Японияда Moderna вакцинасидан номаълум моддалар топилди

Японияда Moderna вакцинасидан номаълум моддалар топилди

28 августда Наха шаҳрида аҳолини эмлаш вақтида вакцинанинг бир ампуласида ва иккита шприцда қора рангдаги модда аниқланган. Текширув вақтида яна бир шприцда пушти рангли аралашма борлиги қайд қилинган. Ушбу партиядаги вакцина билан 400 га яқин киши эмланган. Бироқ улар шифокорлар вакцина ва шприцларнинг тозалигига ишонч ҳосил қилгандан кейингина эмланган ва уларнинг соғлиқларида бирор бир муаммо кузатилмаган.

Таъкидланишича, ушбу партиянинг рақами Япония соғлиқни сақлаш, меҳнат ва фаровонлик вазирлиги томонидан аввалроқ ишлатилиши тўхтатилган вакцина партиясидан фарқ қилади. Ушбу ҳодиса сабабли Окинавадаги эмлаш марказларидан бирида эмлаш ишлари тўхтатилганди.

Аввалроқ Японияда Moderna вакцинасининг Испанияда ишлаб чиқарилган 3 та партиясидаги 1,63 миллион доза вакцинаси қўлланиши тўхтатилгани эълон қилинган. Вакцинада аниқланган зарраларнинг ўлчами бир неча миллиметрни ташкил қилади. “Киодо” агентлигининг маълум қилишича, вакцинада аниқланган ёт моддалар металл зарралари бўлиши мумкин, чунки улар магнитга таъсирлашиши мумкин. Вазирлик эълонигача Японияда нуқсонли партиядан 170 мингта вакцина одамларга киритиб бўлинган.

28 августда, шунингдек, ёт моддалар топилган вакцина билан эмланган 2 киши вафот этгани маълум бўлган. Улар 30 ва 38 ёшдаги эркаклар бўлиб, уларда аввал сурункали касалликлар ва аллергик реакциялар кузатилмаган. Улар вакцинанинг 2-дозаси билан 15 ва 22 августда эмланишган. Уларда вакцина олган кунларининг эртасига тана ҳарорати кўтарилган, 3 кундан кейин эса улар номаълум сабабларга кўра вафот этишган.

Японияда Moderna вакцинасидан ташқари, AstraZeneca ва Pfizer ҳамда BioNTech вакциналари қўлланмоқда. Айни вақтда Японияда 69,2 миллион киши, яъни мамлакат аҳолисининг 54,5 фоизи вакцинанинг 1-дозасини, 55,2 миллион фуқароси (43,5 фоиз) 2-дозасини олган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!