Холмўмин Ёдгоров меҳрибонлик уйларида ота-онаси бор болаларнинг кўплиги ҳақида фикр билдирди

Холмўмин Ёдгоров меҳрибонлик уйларида ота-онаси бор болаларнинг кўплиги ҳақида фикр билдирди

Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган 2047 нафар боланинг бор-йўғи 15 фоизи – 316 нафари чин етим болалар.

Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров асли ота-онаси бор болаларнинг ҳам меҳрибонлик уйида тарбияланаётгани бўйича фикр билдирди.

“Бу муассасаларда тарбияланаётганларнинг асосий қисмининг ота-онаси бор. Чин етимлар бармоқ билан санарли. Қонунлардаги бўшлиқлардан ота-оналар фойдаланиб қоляпти. Чунки меҳрибонлик уйи тарбияланувчисига имтиёз катта, бу ерда шароит яхши, ўқитиш яхши. Тугатгандан кейин уй-жой бериляпти, ўқишга киритиб қўйиляпти. Аслида, меҳрибонлик уйида агар у чин етим бўлмаса, бир йил сақланиши керак.

Шундай тарбияланувчиларнинг бобо-бувиси, ота-онасини чақириб гаплашаман. Соғлом экансиз, ёрдам берамиз, иш берамиз, фарзандингизни олиб кетинг деса, йўқ, шу ерда тарбиялансин дейди. Унда фарзандликка бериб юборамиз, десак ҳам қаршиман дейди”, деди у Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг 4 декабр куни ўтказилган навбатдаги йиғилишида.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, комиссия йиғилишида мамлакатда чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг ортиб бораётгани, буни келтириб чиқараётган сабаблар муҳокама қилинди. Маълум қилинишича, мамлакатда фарзанд асраб олишга бўлган талаб юқори – сўнгги уч йилда бунинг учун 10 минг оила навбатга қўйилган. Аммо меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг аксарининг ота-онаси борлиги боис уларни фарзандликка беришнинг имкони йўқ.

Комиссия раиси Танзила Норбоева боласини меҳрибонлик уйига ташлаб кетаётган ота-оналар масъулиятсизлигини танқид қилди.

“Ота-оналар Россияга ишлагани кетаётиб ҳам бир йилга боласини меҳрибонлик уйига ташлаб кетиш ҳолатлари бор. SOS болалар маҳалласининг эшиги тагига ташлаб кетади. Ишлаб қайтгунимизча қараб туришсин дейди. Биз эса болани кўчага чиқариб юбора олмаймиз. Давлат боқади, майли. Лекин ота-оналик, қариндошлик масъулияти қани?” – деди Норбоева.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!