Хитойда араб тили ойлиги бошланди

Хитойда араб тили ойлиги бошланди

Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи – UNA-OIC маълум қилишича, Қирол Салмон номли халқаро араб тили академияси васийлик кенгаши раиси шаҳзода Бадр бин Абдуллоҳ бин Фархон ташаббуси билан Хитой Халқ Республикаси Пекин ва Шанхай шаҳарларида 28 мартдан 26 апрелга қадар “Араб тили ойлиги” дастурини бошлади.

Араб тилини ўқитиш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш, ўқитувчилар фаолияти самарадорлигини ошириш, жараёнда мутахассислар иштирокини кенгайтириш мақсадини кўзлаган лойиҳа доирасида бир неча таълим муассасаси билан ҳамкорликда илмий тадбирлар ташкил қилинади. Араб тилида академик дастурлар таклиф қилувчи Хитой университетлари, шунингдек Хитойда араб тилини ўқитиш ва тарқатишдан манфаатдор уюшма ва марказларга ташрифлар, турли учрашувлар ўтказилади.

Академия Пекин тил ва маданият университети билан ҳамкорликда араб тилини ўрганувчилар ўртасида уч йўналишли танлов ўтказмоқда: қироат билан ўқиш, ҳикоя қилиш ва ҳаттотлик санъати.

Тўрт ҳафта давом этадиган, илмий симпозиум, икки муҳокама сессияси, илмий ташриф ва ўқитувчилар малакасини ошириш курсидан иборат дастур тил кўникмаси (тинглаш – гапириш – ўқиш – ёзиш)ни ривожлантириш, араб тилини иккинчи тил сифатида ўргатиш бўйича фаол стратегияни ҳаётга татбиқ этиш, амалиётни такомиллаштириш ва бошқа тилда сўзлашувчи араб тили ўқитувчилари малакасини оширишга қаратилган.

“Хитойда араб тили ойлиги” дастури Қирол Салмон номли халқаро араб тили академияси томонидан бошқариладиган “Араб тилини ўқитиш бўйича тадқиқот” лойиҳасининг бир қисми бўлиб, Ҳиндистон, Бразилия, Ўзбекистон, Индонезия сингари турли мамлакатларда амалга оширилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!