Халқаро космик станциянинг ишлаш муддати 2028 йилгача узайтирилди

A A A
Халқаро космик станциянинг ишлаш муддати 2028 йилгача узайтирилди

 

Халқаро космик станция (ХКС) фаолиятини 2028 йилга қадар узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда «Энергия» Ракета-космик корпорацияси (RSC) космик кемалар ва ташувчи воситалар парвоз маркази бошлиғининг ўринбосари Юрий Гидзенко маълум қилди, деб ёзмоқда «Коммерсантъ».

«Айни пайтда биз шу ҳақда ўйлаяпмиз ва станция 2028 йилга қадар орбитада бўлиши учун аллақачон юқори даражаларда қарор қабул қилинган» — деди Гидзенко «Россия 24» телеканали эфирида. «Шу билан бирга, ХКСдаги ямалган ёриқлар 2028 йилга қадар станциянинг фаолият муддатини қисқартиришга ҳеч қанақасига таъсир қилмайди», — деб қўшимча қилди у.

Февраль ойи охирида Парвозни бошқариш маркази ХКСнинг Россия корпусида ҳаво сизиб чиқадиган олтита ёриқ бор бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган. 2020 йил октябрь ойида ХКС экипажи Россиянинг «Звезда» корпуси оралиқ камерасида 4,4-4,5 см узунликдаги ёриқни аниқлаган.

«РБК« нашрининг хабар беришича, Халқаро космик станция (ХКС) экипажи станциядаги биринчи ёриқни герметик пломба билан ёпган. Бу ҳақда NASA томонидан эфирга узатилган Парвозни бошқариш марказининг экипаж билан мулоқотига асосланиб, «Интерфакс» хабар берди.

«Яшавор, яхши ишладинг. Қолган пломба моддасини олиб, сумкага солиб қўйиш учун қўлқоп кийиб ол», —  деган марказ космонавти Сергей Рижиков.

Аввалроқ экипаж ёриқ чеккасидан иккита тешик очиб, ушбу қисмдаги босимни енгиллаштирган ва ёриқни беркитиш учун тайёр ҳолга келтирган. Шундан сўнг космонавтлар ёриқни спиртли мато билан тозалаб, унинг устини герметик аралашма билан қоплаган. Марказда айтилганидек, аралашма бир ярим соат давомида қотади, шундан сўнг ёриқ каптон лентаси билан қопланиб ямалади.

Шунингдек, «РИА Новости» Рижиков «Звезда» корпусидаги ёриқ атрофидаги иккита тешикни Шимолий Африкадаги қарағай игналаридан ясалган елим билан ёпгани ҳақида хабар қилмоқда. Космонавт тешикларга елим сургандан сўнг, уларни флоропластик плёнка билан ёпган. Кейин плёнкалар олиб ташланади, ўрни силлиқланади ва ёриққа иккинчи герметик қатлам қўйилади. Кейинчалик ёриққа учинчи пломба қатлами ўрнатилиб, охирги ямоқ қўйилади.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!