Вашингтонда Оролбўйи минтақасига ёрдам кўрсатишга қаратилган хайрия қабули ўтказилди

Вашингтонда Оролбўйи минтақасига ёрдам кўрсатишга қаратилган хайрия қабули ўтказилди

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида Қорақалпоғистонга молиявий ёрдам кўрсатиш мақсадида хайрия қабули бўлиб ўтди, деб хабар беради "Дунё" АА мухбири.

Қабул 1987 йилдан буён ривожланаётган мамлакатларга замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва асбоблар тақчиллигини бартараф этишда ёрдам бериб келаётган Американинг "Project C.U.R.E." нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Хайрия қабули Қорақалпоғистон Республикасига 12 миллион долларлик замонавий тиббий асбоб-ускуналар етказиб беришга кўмаклашишга қаратилган эди.

Қабулда турли ташкилотлар – Давлат департаменти, АҚШ Конгресси, ЮСАИД, Америка нодавлат нотижорат ва донор ташкилотлари, жумладан "Islamic Relief USA", "Embrace Relief", "Stirling Foundation", Америка-Ўзбекистон савдо палатаси, "Boeing Foundation", "GM Foundation" "Foundation Path of Hope", "Chileka Health Centre", «Chileka Health Centre», шунингдек, Озарбайжон, Малайзия, Малави, Жанубий Африка, Тунис, Замбия ва Лесото дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этишди.

Ўзбекистон элчиси Фурқат Сидиқов йиғилганларга Орол денгизининг қуриши кўлами ва оқибатлари, унинг Оролбўйи минтақасига салбий таъсири ҳақида сўзлаб берди. Ушбу фожиа янги Оролқум чўлининг пайдо бўлишига ва ҳудуддаги экологик вазиятнинг ёмонлашишига олиб келгани, аҳоли саломатлиги, атроф-муҳит ва ҳудуд иқтисодиёти учун жиддий оқибатларга сабаб бўлаётгани алоҳида таъкидланди.

"Project C.U.R.E." президенти Дуглас Жексон ўз чиқишида, мазкур ташкилот Оролбўйи минтақаси кўп сонли аҳолисига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишдан мамнун эканини таъкидлади. Қайд этилишича, айни пайтда Қорақалпоғистондаги тиббий асбоб-ускуналар ва технологияга жуда муҳтож бўлган тиббиёт муассасаларига 5 та контейнердан иборат дори воситалари етказиб берилган.

"Бизнинг кўнгиллиларимиз корпоратив ҳомийлардан маблағ жалб қилиш истиқболларини ўрганмоқда ва кейинги контейнерлар учун маблағ тўплашда давом этаяпти", деди у.

Тадбир давомида жорий йилнинг биринчи ярмида Қорақалпоғистонга умумий қиймати 2 миллион доллар бўлган тиббий жиҳозлар иборат янада 4 та контейнер етказиб берилиши маълум қилинди.

Шунингдек, "Project C.U.R.E."нинг истиқболдаги режалари эълон қилинди. Унга кўра, 2024-2025 йиллар давомида Ўзбекистонга умумий қиймати 10 миллион долларлик қўшимча 15 та контейнерда тиббий гуманитар юк жўнатилиши назарда тутилмоқда.

"Ишончим комилки, бугунги қабул нафақат зарур маблағларни тўплашга ёрдам беради, балки Американинг кенг жамоатчилиги, ишбилармон доиралари ва нодавлат нотижорат ташкилотларини Орол денгизи минтақасидаги экологик вазиятдан хабардор қилиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади", — деди Дуглас Жексон.

"Islamic Relief USA" бош директори Аҳмад Шеҳат ўз навбатида ташкилоти дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларида инсонпарварлик ёрдами соҳасида фаол иш олиб бораётганини айтиб ўтди. У, шунингдек, мамлакатимиз элчихонаси ва "Project C.U.R.E." нодавлат ташкилоти билан Ўзбекистонга гуманитар юкларни етказиб беришни ташкил этиш, грант маблағлари ва бошқа турдаги молиявий ҳамда техник ёрдамларни жалб қилиш бўйича яқин ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

"Дастлабки босқичда "Islamic Relief USA" нодавлат ташкилоти "Project C.U.R.E."га 4 та контейнер етказиб бериш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 200 минг доллар ажратишга ва шу орқали ушбу минтақадаги муҳтожларга ёрдам беришга содиқлигини намойиш этишга тайёр", деди у.

"Stirling Foundation" президенти Майлс Хансен Ўзбекистон томонининг Орол денгизи минтақасидаги экологик ҳалокатга халқаро ҳамжамият эътиборини жалб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади. Лойиҳани бирдамлик ва қўллаб-қувватлаш белгиси сифатида у контейнерларни етказиб бериш учун логистика харажатларини қоплашга сарфланадиган жами 25 минг долларлик чекни тақдим этди.

"Embrace Relief" бош директори Усмон Дулгерўғли ўз ташкилоти инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш ва турли лойиҳаларни амалга ошириш билан шуғулланаётганини, жумладан, тоза ичимлик суви ва соғлиқни сақлаш соҳасини таъминлашни таъкидлади. У Ўзбекистон билан ижтимоий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини тасдиқлади.

"Embrace Relief" Ўзбекистон билан молиявий ва техник ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорлик режасини ишлаб чиқади ва тез орада унинг лойиҳасини Ўзбекистон томонига кўриб чиқиш учун тақдим этади", — деди Усмон Дулгерўғли.

Тадбир иштирокчилари Орол денгизи фожеаси оқибатларига қарши самарали курашиш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш Марказий Осиёда барқарор ривожланиш, шунингдек, аҳоли саломатлиги ва генофондини сақлаш гаровидир, деган якдил фикрга келишди. Шу нуқтаи назардан, нафақат Марказий Осиё мамлакатлари, балки бутун жаҳон ҳамжамиятининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлиги қайд этилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!