Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида “Ватан ҳимоячилари куни”га бағишланган кеча бўлиб ўтди

Ўзбекистоннинг АҚШдаги  элчихонасида “Ватан ҳимоячилари куни”га бағишланган кеча бўлиб ўтди

Ўзбекистоннинг АҚШдаги  элчихонасида “Ватан ҳимоячилари куни”га бағишланган тантанали қабул бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирда конгресс аъзоси Трент Келли, АҚШ қонун чиқарувчи кенгаш аъзоси Стив Созерленд, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан Миссисипи штати Миллий гвардияси ҳамкорлик дастури директори Аманда Вилларет, сиёсий, мудофаа, ҳарбий-таълим доиралар вакиллари, шу жумладан, Пентагон ва АҚШ марказий қўмондонлиги масъул ходимлари, шунингдек, Вашингтон шаҳрига вакил этиб тайинланган 20 га яқин давлатнинг элчихоналаридаги  ҳарбий атташелари иштирок этди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар бермоқда.

Тадбирнинг очилишида Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик ваколатхона раҳбари Жавлон Ваҳабов сўзга чиқди. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари халқаро мусобақаларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётгани йиғилганларнинг алоҳида эътиборини тортди.

Элчихона томонидан АҚШ Мудофаа вазирлиги билан алоқаларнинг юқори даражада фаоллашганлиги, Ўзбекистон ва Миссисипи Миллий гвардияси ўртасидаги шериклик алоқаларининг кенгайганлиги тўғрисида хабар берилди. Таъкидланишича, ҳарбий ҳамкорлик билан бир қаторда, Миссисипи штати билан савдо-иқтисодий ва таълим соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Конгресмен Трент Келли томонидан мамлакат раҳбарияти Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш, миллий армиямизнинг ҳарбий салоҳиятини ошириш ва унга ижобий имиж бериш борасида салмоқли ишларни амалга оширганини таъкидлади. “Мен давлат раҳбари томонидан ўз миллий армиясига бўлган бундай эътиборни дунёнинг бирон бир мамлакатида кўрмаганман”, – дейди конгрессмен.

Трент  Келли,  Конгресс аъзоси,  (Миссисипи штати):

— Буюк Ўзбекистон давлати ва унинг Қуролли Кучларини касб байрами – Ватан ҳимоячилари куни билан қутламоқчиман. Ўзбек халқи ажойиб ва қудратли, Ўзбекистон армияси дунёдаги энг илғор ва профессионал армиялардан биридир, унинг маҳоратли ҳарбийлари бор. Икки томонлама муносабатларни яхшилаш учун улар билан ишлаш мен учун катта шарафдир, мен бундай миллий байрамларда иштирок этишдан хурсандман. Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари юқори малакали, пухта тайёрланган, билимдон мутахассислардир.  Биз уларга энг эзгу тилакларни билдирамиз,  уларни энг яхши шериклар деб биламиз. 

Яна бир конгресс аъзоси Стив Созерленд Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги яқин, ишончли муносабатлар, айниқса, республика ва Миссисипи ўртасидаги муносабатларни қайд этди.  Таъкидланишича, бугунги кунда Ўзбекистон – Миссисипи алоқалари нафақат ҳарбий соҳада, балки савдо-иқтисодий,  сармоявий, маданий-маърифий соҳаларда ҳам кенгайиб бормоқда.

Стив Созерленд, Конгресс аъзоси,  (Флорида штати):

— Аввало, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасига яхши ташкил этилган тантанали оқшом учун миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз. Ушбу қабул маросимида мени ҳайратга солган бир қанча нарсаларни эслаб қолдим, улардан бири Ўзбекистон ва Миссисипи штати ўртасида ўрнатилган муносабатлардир. Биз бу муносабатларни қадрлаймиз, бу бизнинг мамлакатларимиз чин дўстлик ва буюк келажакка эга эканлигидан далолат беради. Менга бугунги ўзбек таомлари, ажойиб кўнгилочар мусиқа ва рақслар жуда ёқди. Бугунги тантаналарга таклиф этилганимдан жуда миннатдорман, катта раҳмат.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан Миссисипи штати Миллий гвардияси ҳамкорлик дастури директори Аманда Вилларетнинг таъкидлашича, бугунги кунда Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари нафақат минтақадаги замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши тура олишмоқда, балки халқаро мусобақаларда ўз мамлакатларини муносиб ҳимоя қилишмоқда. Мудофаа вазирлиги вакилларининг ўтган йилнинг декабрь ойида Миссисипи шаҳрида бўлиб ўтган ”Энг яхши жангчи” танловида муваффақиятли иштирок этгани қайд этилди.

Аманда Вилларет, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан Миссиссиппи штати Миллий гвардияси ҳамкорлик дастури директори: 

— Ўзбекистон Республикасини – Ватан ҳимоячилари куни билан табриклайман.  Бу ажойиб кун ва мен ушбу байрамни бугун барчангиз билан нишонлашимдан хурсандман. Миссисипи ва Ўзбекистон Мудофаа вазирликлари билан ҳамкорлик 2012 йилда бошланган. Ушбу қисқа вақт ичида биз илгари тасаввур ҳам қила олмайдиган муҳим натижаларга эришдик. Ушбу муносабатлар йил сайин кенгайиб бораётганидан хурсандман. Мен АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасига, конгресс аъзоси Трент Келли, Миссисипи Миллий гвардияси қўмондони генерал Женсон Бойлзга, шунингдек, ўзбек ҳарбийларига икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда қўшган ҳиссалари учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. 

Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан табрик сўзларини миллий оммавий ахборот воситаларига АҚШнинг Молдова Республикасидаги элчихонаси ҳарбий атташеси полковник В.  Миков, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳарбий атташесининг рафиқаси Лиза Ровелл ҳам йўлладилар.

Умуман олганда, Элчихонадаги тантанали қабул пайтида тадбир иштирокчилари мамлакатнинг мудофаа салоҳияти, унинг тинчликпарвар сиёсати, шунингдек, Ўзбекистондаги ҳарбий ислоҳотларнинг бориши билан танишдилар. Меҳмонлар томонидан давлат ўзининг Қуролли Кучларига доимий эътибор қаратиб, жанговар қобилиятга эга, юқори талабларига жавоб берадиган армияни ташкил этиш борасидаги ислоҳотларни фаол амалга ошираётганлиги таъкидланди.

 

 

 

 

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!