Ўзбекистонда "фуқаро" сўзидан воз кечишни сўрашмоқда. Нега?

Ўзбекистонда "фуқаро" сўзидан воз кечишни сўрашмоқда. Нега?

Бир гуруҳ фуқаролар расмий истеъмолдаги "фуқаро" сўзидан воз кечишни таклиф қилмоқда.

ЎзА 25 июнда олимлар Ашраф Аҳмедов, Абдуқаҳҳор Иброҳимов ва Рўзмат Тожимуродовларнинг мурожаатини эълон қилган.

Мақолада "фуқаро" атамаси билимсизлик, шошмашошарлик туфайли 1990-йиллар бошларида қатор бошқа "ажнабий ва ярим-ясама (тайёра, тайёрагоҳ, нафақахўр) сўзлар" каби ҳеч қандай илмий асоссиз қўллана бошлагани айтилган.

Тарихчи Ашраф Аҳмедов, адабиётшунос Абдуқаҳҳор Иброҳимов ва шифокор Рўзмат Тожимуродовнинг фикрича, ўзбекистонликлар "камбағаллар давлатида" яшамоқда.

"Фуқаро" кўплик шаклидаги арабча сўз бўлиб, унинг бирлиги фақир, бировнинг ҳисобига яшайдиган, бир кунлик емишини ҳам топа олмайдиган шахс маъносини беради. Унинг луғавий маъноси ўзгаргани йўқ ва бу ҳолат биздек дунёга дарс бериб келган миллат учун кечирилмас хато ва уни тўғрилаш керак", – деб ўз фикрини асослайди мурожаат муаллифлари.

Масала турли даврларда ҳар хил одамлар томонидан кўтарилган, лекин ҳамон эътиборсиз қолиб келмоқда.

"Фуқаро" атамаси XVII асрнинг иккинчи ярмида Бухоро амирлиги ва Афғонистонда бир тўда лаганбардорлар томонидан оддий одамлар бой-бадавлат кишилардан паст табақа ҳисобланишини билдириш учун ўйлаб топилган. Кейинчалик Афғонистонда у "мардум" сўзига алмаштирилган.

“Фуқаро" сўзи истеъмолга кириб, одамлар унга кўникиб қолганини муаллифлар "бангилик ва пиёнисталикка кўникишдан оғирроқ" деб ҳисоблайди.

Зиёлиларнинг фикрича, бу атама кишини таҳқирлайди. “Фуқаролик жамияти” қураётганлар "келажаги буюк давлат"ни қуролмайди, чунки камбағал одамлар келажаги буюк давлат барпо қилиш қобилиятига эга эмас деб ҳисоблайди улар.

Бу атамани ўзгартириш билан боғлиқ харажатлар хусусида гап кетганда, "ИИВ ва Давлат персоналлаштириш маркази ходимлари билан муҳокама ўтказилганда, бунинг учун жуда катта маблағ шарт эмаслиги аён бўлган", – дейилади мақолада.

Янги биометрик паспортларда "фуқаро" атамаси аллақачон қўлланмайди.

Олимлар "фуқаро” ўрнига “бек ва бека” атамасини таклиф қилмоқда. Уларнинг фикрича, “Ўзбекистон беки" ва "Ўзбекистон бекаси" Ўзбекистон фарзанди, шу замин эгаси, мулкдори, ҳимоячиси деган маънони беради.

Бизнингча, бу энг мақбул вариант. Биринчидан, эркакни "бек", аёлни "бека" тарзида аташда гендер нуқтаи назаридан фарқланиш бор. Иккинчидан, Ўзбекистон паспортига эга одамлар ўзига нисбатан “фуқаро” ўрнига “бек” ё “бека” деган мурожаат туфайли маънан ва руҳан ўзгаради. Ғурур-ифтихори кучаяди.

Ташаббускорларнинг айтишича, масала ечимини чўзиб бўлмайди, уни имкон қадар тез ҳал қилиш керак.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!