Ўзбекистон элчиси Минск вилояти ижроия қўмитаси раиси билан музокаралар ўтказди

Ўзбекистон элчиси Минск вилояти ижроия қўмитаси раиси билан музокаралар ўтказди

Ўзбекистон элчиси Раҳматулла Назаров Минск вилояти ижроия қўмитаси раиси Александр Турчин билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий соҳаларда ҳудудлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Александр Турчин шу йил 7 февраль куни ўтказилган Беларусь-Ўзбекистон ҳудудлараро II форуми натижаларини юқори баҳолади. Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг Тошкент ва Андижон вилоятлари билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича келишув ва йўл хариталарини имзолаш тўғрисида келишиб олингани таъкидланди. Ушбу ҳужжатларнинг амалий ижроси томонлар учун манфаатли бўлиши алоҳида қайд этилди.

Учрашувда Беларусь ишбилармонлари иштирокида юртимизда мебелсозлик ва кичик ёшдаги болалар учун озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишидаги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида Минск вилояти ишбилармон доира вакиллари учун Ўзбекистон томони билан ҳамкорлик истиқболлари мавзусида тақдимот ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!