Ўзбекистон CОP29да иштирок этади: самарали ҳамкорлик ва янги имкониятлар
Ўзбекистонда 2024 йилнинг 11–22 ноябрь кунлари Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси (БМТ UNFCCC) иштирокчилари конференциясининг 29-сессиясига (CОP29) қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Маълумот учун, БМТ UNFCCCга аъзо давлатлар ҳар йили тараққиётни баҳолаш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича кўп томонлама чора-тадбирларни муҳокама қилиш учун йиғилади. Бугунги кунга қадар Конвенцияга 198 давлат қўшилган.
CОP29 доирасида Ўзбекистон ҳукумати томонидан ўзбек маданияти, тарихи ва ноёб муҳити асосидаги анъанавий тамойиллар ва технологияларни акс эттирувчи Миллий павильон очилади. Анъанавий ўзбек хонадони – «ҳовли» намунаси бўлган павильон йиллар давомида ҳар бир ўзбек хонадони маскани бўлиб келган ҳовли муҳитини ўз ичига олади. Бу ерда табиат уйнинг бир қисмига айланади: узум билан қопланган яшил майдонлар соя ва қулайлик яратади, анъанавий материаллар ва қадимий қурилиш усуллари эса экологик тоза ва барқарорликни ўзида мужассам этади.
Икки ҳафталик конференция дастури юқори даражадаги ялпи мажлислар, дунё етакчиларининг иқлим бўйича саммити, Ижроия кенгаши йиғилишлари, мувофиқлаштирувчи учрашувлар, ёшлар иқлим форуми, иқлим бўйича жаҳон саммити, 17-Найроби иш дастури координаторлари форуми, молия, сармоя, савдо, яшил энергия, технология ва инновациялар, соғлиқни сақлаш, инсон тараққиёти ва ёшлар, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари, табиат ва биохилма-хиллик, транспорт ва туризм, гендер тенглиги ва бошқа мавзуларда давра суҳбатлари ва семинарларни ўз ичига олади.
Шунингдек, CОP29 кўргазмасида қатор ташаббуслар тақдим этилади, жумладан, Миллий павильон доирасида Сув хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги иштирокида 20 дан ортиқ тадбирлар ташкил қилиш, шунингдек, қатор икки томонлама ва кўп томонлама учрашувлар ўтказиб, минтақавий ва халқаро ҳамкорлар билан шартномалар имзолаш кўзда тутилган.
Миллий павильон доирасида қуйидаги асосий тадбирлар режалаштирилган:
— «Замин» халқаро жамоат фонди билан биргаликда барча қатнашувчи давлатлар вакиллари иштирокида Халқаро ёшлар стратегиясини имзолаш расмий маросими, шунингдек, экологик таълим лойиҳалари ва ташаббуслари тақдимоти;
— Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ), Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) мамлакатлари Туркий экологик форуми вазирлари йиғилиши;
— Озарбайжон Республикаси ва Ўзбекистон Республикасининг қўшма ташаббуси сифатида режалаштирилган БМТ Халқаро Миграция Ташкилотига (ХМТ) аъзо давлатлар билан иқлим миграцияси декларацияси (Silk Road Declaration) бўйича тадбир;
— Оролбўйи минтақаси бўйича кўп шериклик мақсадли жамғармаси тадбири. Тадбир БМТТДнинг Ўзбекистондаги мувофиқлаштирувчи офиси билан ҳамкорликда ташкил этилади.
Умуман олганда, Ўзбекистон делегацияси конференция сессиялари ва бошқа асосий ҳамда ёрдамчи тадбирларда фаол иштирок этишни мақсад қилган.