Умрида бир марта гуллайдиган ўсимликни биласизми?
Агава — бир неча йиллик умри давомида бир мартагина гуллайдиган бу ўсимликни мўтадил кенгликларда унча ҳам билаверишмайди.
Айни даврда бу ўсимликнинг 300 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, Марказий ва Жанубий Америка давлатларида, хусусан Багам ороллари ҳамда Бразилияда маданий ўсимлик сифатида етиштирилади. Ундан олинадиган тола ўта сифатли ва чидамли. Шунинг учун ундан арқон, балиқ овлаш учун тўр ҳамда лассо тўқилади.
Испан истилочилари ҳиндулар бозорида агавадан олинган толадан тўқилган матони кўриб, ҳайрон қолишганлиги тарихий манбаларда қайд этилган. Ҳиндулар агава гулларидан мураббо пиширади, қуритиб хамирга қўшади, ўзаги ва япроғидан ун тайёрлайди. Шунингдек, ундан совун тайёрлашда ҳам қўллашади. Буни қарангки, агаванинг тўқ яшил ҳамда Салма туридан пулке деб номланувчи ичимлик ҳам тайёрлашаркан. Мовий агава эса ўша машҳур текилага асос бўлади.
Бундан ташқари, у декоратив ўсимлик бўлганидан кўпгина давлатларнинг парк ва боғларини безаб турибди. Дарвоқе, ҳиндуларнинг халқ табобатида ҳашарот ва илон чаққанда ундан дори сифатида фойдаланилади.
