Фарғонада оғуфурушларга 12 йилдан 15 йилгача қамалди
Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Фарғона вилоятида навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди.
Олинган маълумотларга кўра, муқаддам наркокуръерлар томонидан катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари Афғонистондан контрабанда йўли билан Сурхондарё вилояти ҳудудига олиб ўтилиб, кейинроқ Ёзёвон туманидаги дала майдонига беркитиб кетилган бўлган.
Тезкор тадбир давомида Марғилон шаҳрида яшовчи, 1983 й.т. хусусий тадбиркор ҳамда унинг 1989 й.т. жиноий шериги мазкур хуфия жойдан 9 кг 896 гр “гашиш” моддасини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, қўлга олиш жараёнида воқеа жойидан қочишга уринган тадбиркорнинг ёнидан 14,5 минг АҚШ доллари ва 6 млн 250 минг сўм пул маблағлари ҳам олинган.
Бундан ташқари, терговга қадар текширув давомида мазкур жиноятга алоқадор бўлган Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи, 1980 й.т. фуқаронинг яшаш хонадонидан 110 гр “опий” моддаси, 2 та электрон тарози, 1200 АҚШ доллари ҳамда 28 млн сўм олинган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида эса мазкур ноқонуний ишга 1990 ва 1995 йилларда туғилган ака-укаларнинг ҳам алоқадорлиги маълум бўлди.
Жиноят ишлари бўйича Боғдод туман судининг ҳукмига мувофиқ, ушбу 5 нафар судланувчи тегишлилиги бўйича Жиноят Кодексининг 246, 273 ва 276-моддалари билан айбдор деб топилиб, уларга нисбатан 12 йилдан 15 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ўзгалар ҳаётини заҳарлаш эвазига бойлик орттиришни мақсад қилган қонунбузарлар эндиликда панжара ортида туриб, қанчалик мудҳиш хато қилганликларини ўйлаб, мулоҳаза қилишларига ва тўғри хулоса чиқаришларига етарлича вақтлари бўлади.
