InfinBANK ходими мижозни ўлдириб, жасадни каналга ташлаб юборди
Бош прокуратура ахборот хизмати терговга қадар текширув давомида InfinBANK АТБ Қўқон филиали кредит бўлими мутахассиси А.Т. гумонланувчи сифатида қўлга олинганини маълум қилди. У мижозни ўлдириб, жасадни Катта Фарғона каналига ташлаб юборганига иқрор бўлган.
У С.Э. 31 март куни акция доирасида автомашина учун кредит олиш мақсадида филиалга келгани, у билан филиалда ўзаро тортишиб қолгани, Тракер русумли автомашинасида ўзаро гаплашиб олиш учун йўлга чиқиб, Ўзбекистон тумани «Тараққиёт» МФЙ ҳудудига келгани, бу ерда машина ичида ошхона пичоғи билан унинг бўйин соҳасига бир неча марта зарба бериб ўлдирганини айтган.
У шундан сўнг иш жойига қайтиб келган, мурдани машинасида қолдирган, соат 19:00 ларга қадар ишда бўлиб, ишдан сўнг, автомашинасида Катта Фарғона каналининг Ўзбекистон туманидаги Тўлаш маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтган қисмига бориб, мурдани каналга ташлаб юборганини билдирган.
Ҳолат юзасидан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, А.Т. қўлга олинган. Айни вақтда жабрланувчининг жасади топилмаган, қидирув ишлари давом этмоқда.
Қидирувга ФВВнинг Фарғона вилоят бошқармаси ходимлари жалб этилган.
