U23 Осиё кубоги. Саудия Арабистони Осиё чемпионига айланди

U23 Осиё кубоги. Саудия Арабистони Осиё чемпионига айланди

U23 Осиё кубоги финалидан ўрин олган Ўзбекистон ва Саудия Арабистони терма жамоалари ўртасидаги баҳс якунига етди.

Саудияликлар учрашувни кескин ҳужум билан бошлагани кутилмаган ҳол бўлди. Футболчиларимиз рақибнинг босимни бартараф этишгач, ташаббусни ўз қўлларига ола бошлашди. Уюштирилган ҳужумлар пайтида ўйинчиларимиз сўнгги пас етишмади. Боз устига, араб футболчилари ҳам яхши ҳимояланишди.

23-дақиқада ўтиб бораётган пайтда Саудия Арабистони илк огоҳлик қўнғироғини чалди. Жалолиддинов тўпни жарима майдони атрофидан узоқлаштирмоқчи бўлиб, рақибга бериб қўйди. Натижада меҳмонлар хавфли ҳужум ташкил қилишди. Яқин масофадан берилган зарба йўлига Давронов ўзини ташлади ва хавфни бартараф этди.

Орадан 10 дақиқа ўтиб ҳисобни очиш учун яхши имкониятга эга бўлдик. 33-дақиқада Ҳошимовнинг бош билан берган узатмасидан сўнг Эркинов яккама-якка вазиятга чиқиб борди. Аммо Ҳожимат тўпни юқорига тепиб юборди. Мана шу ҳужум терма жамоамизнинг биринчи таймдаги энг хавфли вазияти бўлди.

Баҳснинг 39-дақиқасида эса дарвозамиз олдида жуда хавотирли вазиятга юзага келди. Саудиялик дарвозабон олис масофага тепиб юборганидан кейин рақибларимиз тўпни эгаллаб, жарима майдонимизга кириб келишди. Давронов эса рақибини "корпус" орқали ёпишга уриниб, уни йиқитди. Қатарлик рефери эса дарвозамиз томон пенальти белгилади. Ушбу вазиятни VAR кўра бошлади ва дарвозабон узатма бераётганида ҳужумчи кичик офсайдда бўлганини аниқлади. Шу орқали пенальти бекор қилинди.

Бўлимга қўшиб берилган 4-дақиқа ўтиб бораётганида эса тўп дарвозамизга киришига сал қолди. Назаров дарвозани ташлаб олдинга чиққан пайтда Айман Яҳё бош билан зарба берди. Владимир ортга қайтиб тўпни қайтарди. Тўп дарвозабонимизнинг қўли аралаш устунга тегдию, майдонни тарк этди. Воқеаларга бой бўлган бўлимдан сўнг ҳисоб очилмади.

Саудия иккинчи бўлимни ҳам фаол бошлади ва бу сафар ўз мақсадига эришди. Аҳмад Мазен ал-Ғамдий 17 метрлардан зарба беришга эришди ва тўпни юқори бурчакка жойлаб қўйди.

Бу гол вакилларимиз учун руҳий зарба бўлди ва улар кейинги 15 дақиқа давомида ўз ўйинларини йўқотиб қўйишди. Баҳснинг 73-дақиқасида Ўзбекистон рақиб дарвозасига йўл топди. Жалолиддиновнинг узатмасидан кейин Жиянов жарима майдонига кирди ва дарвозани ишғол қилди. Аммо Руслан офсайдда қолгани учун гол бекор қилинди.

Орадан бир дақиқа ўтиб эса иккинчи голни ўтказиб юбордик. Саудлар майдон марказида тўпни эгаллаб Фирас ал-Брайканга етказишди. Ҳужумчи жарима майдони чизиғи устидан аниқ зарба йўллаб, дарвозани ишғол қилди.

Сўнгги дақиқаларда Жиянов ва Жўрақўзиевда яхши имкониятлар бўлди. Аммо зарбаларнинг бирини дарвозабон қайтарган бўлса, иккинчи зарбага бироз аниқлик етишмади.

Шу тариқа, Саудия Арабистони ўз тарихида илк марта 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги қитъа чемпионлигини қўлга киритди. Ўзбекистон эса иккинчи ўрин билан чекланди.

U23 Осиё кубоги, финал
Ўзбекистон - Саудия Арабистони - 0:2 (0:0)
Голлар: Аҳмад Мазен ал-Ғамдий (49), Фирас ал-Брайкан (74)
Ўзбекистон - Владимир Назаров, Саидазамат Мирсаидов, Достонбек Турсунов, Муҳаммадқодир Ҳамроалиев, Ҳожимат Эркинов, Улуғбек Ҳошимов, Жасурбек Жалолиддинов (С), Диёр Холматов, Алибек Давронов, Ҳусайн Норчаев, Абдурауф Бўриев
Саудия Арабистони: Навоф Даҳий Ал-Ақидий, Ҳассан Тамбактий, Иброҳим Маҳнаший, Айман Яҳё, Ҳамид ал-Ғамдий, Фирас ал-Брайкан, Аҳмад Мазен ал-Ғамдий, Мотеб ал-Ҳарбий, Ҳамад ал-Ямий, Ҳуссайн Ийсо, Сауд Абдулҳамид
Бош ҳакам: Салмон Аҳмад Фалаҳий (Қатар)


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!