Сурия президенти: «Исроилнинг мамлакатни парчалаш режаларига қарши бирлашиш вақти келди»

Сурия президенти Ахмад аш-Шараа мамлакат жанубидаги Эс-Сувайда вилоятидаги воқеалар ва Исроилнинг ҳарбий интервенцияси фонида халқни бирликка чақирди. Бу ҳақда у давлат телевидениеси орқали қилган чиқишида билдирди.
«Биз давлатимизнинг атрофида жипслашишимиз, унинг қадриятлари ва принципларига содиқ қолишимиз, шахсий ва манфаатпараст мақсадларни четга суриб, Ватан манфаатини биринчи ўринга қўйишимиз лозим», — деди Сурия раҳбари.
Аш-Шараа таъкидлашича, друзлар жамоаси Исроилнинг Сурияни парчалашга қаратилган уринишларига қарши қатъий турибди. Унинг сўзларига кўра, друзлар давлат ҳимоясида ва хорижий кучларнинг уларни ўз ўйинларига тортиш уринишларини рад этмоқда.
«Исроил аввалгидай Сурияда барқарорликни издан чиқариш, аҳоли ўртасида низо қўзғаш ва мамлакатни хаосга тортишга интилмоқда», — деди у.
Президент шуни алоҳида қайд этдики, Исроил томонидан Суриядаги фуқаролик ва ижтимоий объектларга йўналтирилган кенг кўламли ҳужумлар мамлакатда барқарорликни тиклашга қаратилган ҳаракатларга путур етказишни кўзлаган. Аммо АҚШ, Туркия ва араб мамлакатларининг самарали воситачилик ҳаракатлари туфайли вазият кескинлашувининг олди олинди.
Аш-Шараа айрим ноқонуний гуруҳлар раҳбарларини мамлакат манфаатларидан устун қилиб шахсий манфаатларини қўйганликда ва охирги воқеалар чоғида тинч аҳолига қарши жиноятлар содир этганликда айблади.
Шунингдек, президент маълум қилдики, мамлакатнинг Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари Эс-Сувайдада вазиятни барқарорлаштириш бўйича фаол чоралар кўрди. Натижада ноқонуний қуролли гуруҳларга зарба берилди ва вилоятда муваққат тинчлик тикланди.