Тунда изғиган талончиларга ҳукм ўқилди

Тунда изғиган талончиларга ҳукм ўқилди

Эллик ёш ўртача олганда ҳам умрнинг қарийб учдан икки қисми. Одатда кишилар бу даврда кўпроқ ибодат, яхшиликлар қилиш билан банд бўладилар. Ҳалол-ҳаром оқибатларини ўз ҳаёт йўлларида кўрган, билганлари асосида шарҳлаб, насиҳат ва маслаҳатларини берадилар ёшларга. Бундай кишиларнинг сухбатларига тўймайсан. Намунали оилалари, комил фарзандларига боқиб ҳавас қиласан.

Лекин қаётда турфа ранглар бўлгани каби турли кимсалар ҳам борки, уларга на ёш, на умр, на оила, на ҳаётнинг мазмуни, мақсади ва мазаси бўлсин. Беихтиёр инсонгарчиликнинг, беҳуда ўтган умрнинг уволига ачинасан.

Бир неча бор судланиб, жиноий қилмишлари ортидан жазо олган, ҳатто қамалиб чиққан Маъмур Машарипов ана шундай кишилардан. Салкам элликка бориб қолганига қарамай, муносиб хулоса олмаган, оиласиз, ишсиз мазкур шахс хеч бўлмаганда жиноят қилишдан ўзини тийсайди, дейсан.

У Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги «Иззат» ва «Мўйноқ» кўчалари кесишган йўл яқинида жиноий шериги 1988 йилда туғилган, бир неча бор судланган Қорақалпоғистон Республикаси фуқароси Ахбор Шарипов билан маст ҳолатда келишаркан, йўл ёқасида кетаётган фуқарони кўриб ниятлари бузилади.

– У бир киши, биз икки кишимиз, ҳеч бўлмаса телефони бордир…

Шум мақсадлари сари илгарилаб фуқаро Алексей Чернишевни орқасидан бориб уришади, тиззасига тепиб йиқитиб чўнтакларини титишади. Айтганларидек, икки кишилашиб унинг ёнида бўлган «Редми-7» мобил телефони ҳамда 100.000 сўм пулларини олиб кўздан ғойиб бўлишга чоғланишаркан, бироз ўзини тутган Алексей уларнинг ортидан югуриб Ахборнинг елкасига осилади. Аммо Маъмур қўлига тушган тош билан жабрланувчининг бош қисмига бир неча бор уради. Хушидан кетиб ерга чўзилган А.Чернишевни шу холатда ташлаб қочган талончилар қонундан қоча олмасликларини балки англашмагандир, десак бироз нотўғри бўлар. Чунончи улар қилбир қилмишлари билан аввал ҳам қонун қўлига тушишган ва ундан қочиб бўлмаслигини яхши англайдилар.

Бугунги жиноятлари эса нопок йўллардан қайтмаганларидан дарак эди. 1.200.000 сўмлик телефонни атиги 65.000 сўмга пуллаб байрам қилмоқчи бўлган талончиларнинг қаракатлари шу ерда тўхтади.

Маъмур Машарипов 8 йил, Ахбор Шарипов эса 8 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, жиноятчилар А. Чернишевга келтирилган зарарни солидар тартибда тўлаб беришади.

Хулоса ўрнида:

Эътибор қилган бўлсангиз нохуш воқеа ярим тун 23.00 - 23.30лар оралиғда содир бўлган. Демоқчи бўлганимиз эса бирон зарурат бўлмаганда бу каби кеч юриш аслида яхшилик белгиси эмас. Ёмонликлар тун қўйнига яширинади, дейишади-ку.

Ҳар қандай ҳолларда жиноятчилар жазосиз қолмайди албатта, лекин жабрланувчи бўлиб қолиш ҳам ёқимли холат эмас. Мулоҳаза, фикр сиздан, холбуки атрофимиздаги ҳар бир яхшилик ёинки ёмонликка сабабчи ўзимиз.

Аброр САИДОВ,

жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди раиси  


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!