Туҳмат ва ҳақоратларнинг охири борми ёки Малоҳат Эшонқуловага қонун йўқми?

Туҳмат ва ҳақоратларнинг охири борми ёки Малоҳат Эшонқуловага қонун йўқми?

Сўз эркинлиги бўлмаган жойда эгри сўзловчилар кўпаяди. Бу олтин қоида. Чунки аксарият оммавий ахборот воситалари мамлакатдаги реал воқеликни кўрсатиш ўрнига сукут сақласа, табиийки, айрим ғараз мақсаддаги чет эл оммавий ахборот воситалари бундай фойдаланади. Очиғини айтиш керак, бир вақтлар Ўзбекистон ҳам шу ҳолатга келиб қолганди. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари қўрқиб-писиб ишлар, мамлакатдаги реал ҳолат қарийб ёритилмас эди. Бу эса алал-оқибат мамлакатнинг ахборот хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатди, бўёқдор қилиб айтганда, “меваси”ни берди. Халқаро миқёсда Ўзбекистон ҳақида салбий ахборот кўпайди.

Бунда, айниқса, қатор “юртдошларимиз”нинг ҳиссаси ҳам катта бўлди. Журналистика ёки инсон ҳуқуқлари ниқоб қилиниб, Ўзбекистон ҳақида иғво ва фисқу фасоддан иборат ахборот ва “таҳлилий” материалларни юбориш анъанага айланди. Бундай ахборотлар учун юз минглаб долларлик гонорар ажратила бошланди. Табиийки, бу маҳаллий “фаол”лар учун айни муддао эди. Сабаби, на тузукроқ журналист, на жиддийроқ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бўлган кимсалар учун абадий, туганмас “охўр” яратилган эди. Ҳомийларига икки энлик “отчёт” ёки “журналистлик суриштируви” юборади, тамом, икки-уч кун ўтмай, долларда гонорарини олиб, тараллабедод қилиб юрарди. Малоҳат Эшонқулованинг ижтимоий тармоқлардаги постлари, турли тадбирлардаги фикрларидан ҳам унинг ҳам дарди фақат ва фақат пул олишга айлангандек тасаввур пайдо қилади, кишида.

Ҳомийлар нега  юз ўгирди?

Аммо, замон ўзгариб, уларнинг пайтавасига қурт тушди — типирчилаб қолишди. Чунки мамлакатда нафақат раҳбарият ўзгарди, балки сўз эркинлиги ҳам ўзгарди. Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари, айниқса, интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқлар мамлакатдаги воқеа-ҳодисаларни, айниқса, мажбурий меҳнат ва бошқа муаммоларни ёритишда фаоллик кўрсата бошлади. Бундан ташқари, Халқаро меҳнат ташкилоти ва мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари томонидан ҳам мажбурий меҳнат мониторинги йўлга қўйилди. Ҳукумат уларнинг таклифлари асосида айбдор амалдорларни жазолай бошлади, улар айтган камчиликларни тузатишга киришди.

 

Булар нимага олиб келди? Аввало, Малоҳат Эшонқулова Ўзбекистондан ягона овоз бўлмай қолди. Энди Малоҳатнинг "ҳомийлари" унга "қиё ҳам боқмасдан" шунчаки, Ўзбекистон интернет нашрларини кузатиш орқали тайёр ахборотга эга бўла бошлади. Бир мажлисда Малоҳат Эшонқулова “биз, ҳуқуқбонлар, пулсиз ишлаяпмиз, ҳатто Халқаро меҳнат ташкилоти бизга машина ажратишини кутган эдик”, дея айюҳаннос солишида шу дарди мужассам бўлса, не ажаб.

Букрини гўр тузатадими?

Халқимизда “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас”, “Букрини гўр тузатади” деган пурмаъно мақоллар бор. Бежизга эмас. Гарчи Ўзбекистондаги ўзгаришлардан Малоҳат Эшонқулова фойда кўрган бўлса-да (Тошкентдаги пропискасини қайтариб беришди, йўқса, бир дунё жарима тўлаб юрар эди), у асосий “охўр”идан мосуво бўлгач, у яна бошқа йўлга ўтиб олди. Яъни муаммоси ҳал бўлмаётган айрим фуқароларнинг ишончига кириб, интернетга чиқаришга, шу йўл билан халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини қаратишга ваъда қилиб, гўёки беминнат “хизмат”га ўтди. Бу беминнат хизмат эса нималарнинг эвазига бўлгани эса фақат икки томоннинг-у, оллоҳнинг ўзи аён.

Малоҳат Эшонқулова маҳаллий амалдорларни қоралаш, уларни ҳақорат қилиш, давлат идораларига туҳмат қилиш йўлига очиқчасига ўтиб олди. Бу йўлда эса биров унинг “мушугини пишт демагани” эса ҳамон “андишанинг оти қўрқоқ” деб баҳоланиб келинмоқда.

Бир қарашда, у халқнинг дардини кўтариб, уларнинг муаммоларини ҳал қилмоқчи. Лекин асл мақсади — уни “ҳомийлари” ҳисобдан чиқаришларига эрта эканлигини кўрсатиш, яъни ўзини пиар қилиш орқали уларнинг доимий назарида туришдир. Бунинг учун охирги пайтлар айнан унинг фойдасига хизмат қиладиган мавзуларга ёпишиб олган. Мулки ноқонуний тортиб олинаётган тадбиркорлар, арзон уй-жой ололмаётган ишсиз, ногирон аёллар ёки Саид-Абудализиз Юсупов Малоҳатнинг янги мақсадли гуруҳига айланган. Бу ишга шу даражада шўнғиб кетдики, орқа-олдига қарамасдан, туҳмату бўҳтонни аёвсиз тўқимоқда. Мақсади эса битта — ўзини пиар қилиш, давлат ҳокимияти органлари билан мумкин қадар кўпроқ зиддиятга бориб, Ғарбдаги ҳомийларининг назаридан қолмаслик керак. Чунки “қора пиар ҳам пиар”, дейишади пиарчилар. Оқибатда эса ундан норозилар, унинг бу ишлари ҳеч қайси тамойил билан ўлчаб бўлинмаслигини таъкидлаётганлар, ундан шикоят қилаётганлар сони ортмоқда.

"Jahon.uz"нинг ишончли манбаси хабарига кўра, 2019 йилнинг апрель ойида Малоҳат “Каримов ҳукумати мухолифат фаолининг жонига қасд қилганди, Зомин туман ҳокими унинг молига қасд қилдими...” номли видеороликни ижтимой тармоқларда жойлаштиради. Роликда у Зомин туман хокими А.Абдуғаниев мансаб ваколатини суистеъмол қилган ҳолда, туманнинг Даштобод шаҳарчасида яшовчи Худойбердиев Нишонбойнинг ер жойларини ноқонуний тортиб олганлиги, тамагирлик ва порахўрлик билан шуғулланиб келаётганлигини айтади. Туман ҳокими буларнинг барчаси туҳматлигини қайд этиб, туман ИИБ ва прокуратурасига шикоят қилган. Ҳозирда Зомин туман ИИБ томонидан қайд этилган видеолавҳа холислар иштирокида тегишли тартибда расмийлаштирилиб, вилоят ИИБга тегишли хулосалар олиш учун юборилган. Шунга кўра, вилоят ИИБ мутахассислари томонидан зарур хулосалар олинган ва Малоҳат Эшонқуловага нисбатан тўпланган суриштирув материаллари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси (“Туҳмат”) бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Яна бир мисол. Фарғона шаҳар ИИББ томонидан О. Алиева ва М. Эшонқуловага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (“Ҳақорат”) билан маъмурий иш қўзғатилиб, тегишли туман судларига юборилган.
Яқинда, аниқроғи 9 июнь куни Тошкентга андижонлик Одина Эргашева келиб, ички ишлар органлари ходимлари уни ургани ҳақида Елена Урлаева ва Малоҳат Эшонқуловага шикоят қилган. Аслида-ку аёлнинг муаммолари, дейлик, моддий ёрдам ажратиш, ишга жойлаштириш масалалари вилоят ҳокимияти томонидан аллақачон ижобий ҳал этилган, унга имтиёзли асосда арзон уй-жой ажратиш масаласи эса кўриб чиқилаяпти. Лекин Малоҳат ушбу аёлнинг бошини айлантириб, уни турли жойларда яшириб, ижтимоий тармоқларда иғво, фисқу фасодларни тарқатиб юрибди. Бугунги кунда фирибгарликда гумонланиб ушланган Саид-Абдулазиз Юсупов яқинлари номидан ёлғон маълумотларни тарқатиб, жамоатчиликни чалғитишга уринмоқда.

Бугун Ўзбекистонда журналистика билан шуғулланишга, жамиятда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни холис, ғаразсиз ёритишга барча шароитлар яратилган. Ҳокимият вакиллари қанчалик аччиқ бўлмасин, танқидларга босиқлик билан қарашга ҳаракат қилаяпти. Нафақат қонун доирасида иш олиб борилмоқда, балки ўзаро ҳурмат ва ҳуқуқий маданият шаклланмоқда. 

Аммо, Малоҳат Эшонқулова сингари ҳали ҳам советча журналист “дўқ уриши” мумкин деган қарашдан қутулмаган “журналист”лар отдан тушса ҳам, эгардан тушмаяпти. Давлат органлари мансабдор шахслари, оддий одамларнинг шаънига тегиш, уларга қарши туҳмат уюштирмоқда. Адолатли ва ўринли танқид, таҳлил билан “қалам юритганида” эди, ишонинг биз унинг ёнида ва унинг қаламдоши бўлардик.

Бундан қандай хулоса чиқариш мумкин? Демак, Малоҳат бугунги ҳуқуқий маданият ва ҳуқуқий майдон доирасида ҳаракат қилмай, ҳар ҳаракатида атайин қонунни бузишга интилса, “букрини гўр тузатади”, деб унга бефарқ бўлиш керакми? Фикримча, йўқ. У қонун доирасида юрмаса, демак, қонунга мувофиқ жавоб бериши керак. Ҳеч ким ўзбошимчалик қилишга ҳақли эмас. Бўлди, етар шунча чидаганимиз. Чунки, Ўзбекистон қонунлари Малоҳат Эшонқулова Ғарбдаги инсон ҳуқуқлари ташкилотларига ишлаши ёки улардан манфаатдор бўлиши учун қабул қилинмаган.

Тўра Усмон   


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!