Трампнинг инаугурациясига кимлар келади?
Сайланган Президенти Дональд Трамп АҚШнинг ўз инаугурациясига хорижий давлат раҳбарларини таклиф қилган биринчи раҳбари бўлди.
2025 йил 20 январда у Қўшма Штатларнинг 47-президенти сифатида вазифасини бажаришга киришади. Шу тариқа инаугурация маросимидан сўнг вице-президент Жей Ди Вэнсом билан бирга мамлакатни расман иккинчи муддат бошқара бошлайди.
1981 йилдан бери Капитолий биносида уюштирилаётган маросимни барча янгиликлар каналлари, ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали тўғридан-тўғри эфирда кўриш мумкин.
Тадбирда қатор сиёсатчилар, жумладан хорижликлар ҳам иштирок этиши кутиляпти.
Маълумки, Доналд Трамп Хитой Халқ Республикаси раисини инаугурацияга таклиф қилган, бироқ Си Цзиньпиннинг океан ортига бориши ҳали аниқ эмас. CNN маълумотига кўра, маросимда Хитойдан раҳбарнинг ўрнига юқори мартабали амалдорлардан иборат делегация ҳозир бўлади.
Аргентина Президентининг матбуот котиби Мануэль Адорни Хавьер Милей Америкага сафар қилишни режалаштирганини айтган. Шунингдек, Трампнинг яқин иттифоқчилари бўлган Сальвадор етакчиси Найиб Букеле ва Италия Бош вазири Жорже Мелани ҳамда Венгрия ҳукумати раҳбари Виктор Орбанга ҳам таклифнома юборилган. Россия Президенти Владимир Путиннинг иштироки эса кутилмаяпти. Кремль Америка етакчисининг қасамёд маросимига таклифнома олмаганини тасдиқлади, деб ёзган “Sky News”.
“Associated Press” хабарига кўра, Дональд Трамп Украина етакчиси ҳам тадбирга таклиф қилинмаганини айтиб, “мабодо истаги бўлса, келишини истардим” дея қўшимча қилган.
Экспертлар хулосасига кўра, Қўшма Штатлар янги дипломатик даврни бошламоқда. Хорижий давлатлар раҳбарлари иштироки масаласи мураккаб ва ноаниқ бўлса-да, меҳмонлар орасида АҚШнинг амалдаги Президенти бўлиши маълум. Зеро, Оқ уй ўтган йил ноябрь ойи охирида Жозеф ва биринчи хоним Жилл Байденлар Американинг янги Президенти инаугурациясида иштирок этишини тасдиқлаган.
Шунингдек, Конгресс аъзолари, Олий суд, юқори мартабали ҳарбий амалдорлар, собиқ президентлар ва вице-президентлар, АҚШнинг олий ҳарбий мукофоти – “Шон-шараф” медали соҳиблари, шунингдек оила аъзолари, жумладан Мелания ва уларнинг ўғли Баррон ҳам ушбу маросимда иштирок этади.
Айни пайт ўша куни намойишчилар фаоллиги кузатилишини ҳам инкор этиб бўлмайди, чунки 2017 йил Трампнинг биринчи инаугурацияси вақтида ҳам бутун мамлакат бўйлаб оломон кўтарилган. Баъзи маълумотларга кўра, ўшанда 4 миллиондан кўп одам кўчаларга чиққан.
Эслатиб ўтамиз, Республикачилар партияси етакчиси Дональд Трамп 2024 йил 5 ноябрь куни бўлиб ўтган сайловда ғалаба қозонди. У 120 йил ичида мағлубиятдан кейин ҳокимият тепасига кўтарилган биринчи АҚШ президентига, Америка тарихида ўзининг биринчи муддатидан тўрт йил ўтиб қайта сайланган иккинчи президентга айланди.