Эрон янги камикадзе-дрон яратди
Эрон учиш масофаси 20 километргача бўлган янги камикадзе Rezvan дронини яратди. Теҳрон, шунингдек, катта миқдордаги Ababil-4, Ababil-5 ва Arash ҳужумкор дронларини сотиб олишни режалаштирмоқда, деб хабар берди Breaking Defense.
Қайд этилишича, Rezvan дронининг парвоз давомийлиги 20 дақиқа бўлиб, уни бошқариш имконини берувчи олд камерага эга. Камикадзе-дрон кўчма қурилмадан учирилиши мумкин, унда очиладиган тўртта қанот мавжуд.
«Ушбу дрон Ислом инқилоби қўриқчилари копуси (ИИҚК) қўшинларининг тезкор жавоб бериш бўлинмаларини кучайтириб, уларга террорчилик гуруҳларига, айниқса оғир тоғли шароитларда қарши туриш учун янги имкониятлар беради», деб ёзди Эрон матбуоти.
Rezvan дрони «Буюк пайғамбар 19» кенг кўламли машқларида намойиш этилди. Дрон ҳам пиёдаларни, ҳам муқим нишонларни, жумладан, муҳим инфратузилмани ҳам уришга қодир.
Таъкидланишича, Теҳрон яқин кунларда ҳарбийлар учун мингта стратегик дронларни сотиб олишни режалаштирмоқда. Эрон армиясига етказиладиган дронлар рўйхатига Ababil-4, Ababil-5 ва Arash киради. Бу дронлар разведка, патруллик ва жанговар операциялар бўйича кўп мақсадли вазифаларни бажаришга қодир.
АҚШ Тинчлик институти (USIP) Ababil-5 дрони 480 километрга яқин масофани босиб ўтишини маълум қилди. Ушбу дрон танкка қарши 4 та ракета ёки 6 та юқори аниқликдаги бомбани олиб юришга қодир.
Нашрнинг қўшимча қилишича, Эрон Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан кейин дронларга катта қизиқиш билдира бошлаган.