2024 йилда маҳсулот таннархи 1,95 триллион сўмга пасайтирилди
Бугун АОКАда ўтказилган брифингда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқарма бошлиғи Фируза Турғунова 2024 йилдаги фаолият якунлари бўйича дастлабки маълумотларни эълон қилди.
Якуний сарҳисобга кўра, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ таркибидаги иссиқлик электр станциялари электр энергиясини ишлаб чиқариш режасини ортиғи билан бажаришга эришди. Жумладан, 29,1 миллиард киловатт соат электр энергияси ўрнига, амалда 31,9 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди ва мўлжал 110 фоизга бажарилди.
Шунингдек, 2024 йилда 11,1 миллион Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилиб, тармоққа узатилди. Ёқилғиларни иқтисод қилиш бўйича режадаги 700,5 миллион метр куб табиий газ ўрнида, амалда 1 миллиард метр куб табиий газ иқтисод қилинди ва мақсадли иш 147,9 фоизга уддаланди. Электр энергиясини иқтисод қилиш бўйича режадаги 117,8 миллион киловатт соат ўрнига 163,5 миллион киловатт соат электр энергияси иқтисод қилинди. Бу кўрсаткич 138,8 фоизни ташкил этди.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 58,9 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режаси белгиланган бўлиб, амалга оширилган кўрсаткич 61,3 миллиард сўмга, яъни 104 фоизга бажарилди. Кооперация алоқалари ва ушбу дастур орқали импортни қисқартириш мақсадида 20,1 миллион АҚШ доллари қийматида прогноз қилинган маблағнинг ўрнида 21 миллион АҚШ доллари иқтисод қилинди ва бу 104,2 фоизга бажарилди.
Инвестиция лойиҳалари бўйича режа бўйича 616,94 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилиши кўзда тутилган бўлиб, амалда эса 646,14 миллион АҚШ долларини ташкил этди ва бу иш 104,7 фоизга уддаланди. 2024 йил май ойида“Тошкент ИЭМ”да 32 МВт қувватга эга икки газ турбина қурилмаси ишга туширилди. Шунингдек, 13 декабрда Олмазор туманида когенерация лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилди.
2024 йилда маҳсулот таннархини пасайтириш мақсадида амалга оширилган чоралар натижасида 1,95 триллион сўмга таннархни пасайтиришга эришилди ва режа 118 фоизга бажарилди.