Тошкент - Фарғона йўналишидаги машинадан қарийб 5 кг гашиш топилди
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан жойларда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбирлар ўтказилди.
Тошкент—Фарғона йўналишида ҳаракатланган, Қўқон шаҳрида яшовчи, 1997 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги Lacetti автомашинаси Оҳангарон шаҳри ҳудудида тўхтатилди. Машина холислар иштирокида кўздан кечирилганда унинг салон қисмида 4 кг 986 грамм гашиш моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, мазкур автомашинанинг ортидан Malibu автомашинасида кузатиб келаётган унинг 1987 йилда туғилган, муқаддам судланган акаси ҳам ушланди.
Аниқланишича, улар Тошкент вилоятининг Пскент тумани ҳудудига келтириб бериш шарти билан тожикистонлик наркосавдогардан 30 минг доллар эвазига сотиб олинган ушбу гиёҳвандлик воситасини келгусида Қўқон шаҳрида қайта сотиб, мўмай даромад топишни режалаштиришган.
Фарғона шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Фарғона туманида яшовчи, 1972 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс тўхтатилиб кўздан кечирилганда, унинг ёнида бўлган ўйинчоқ қути ичида 987 грамм гашиш моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
У мазкур ажал оғусини Марғилон шаҳрида яшовчи, 1984 йилда туғилган фуқародан олгани аниқланиб, ушбу шахс ҳам процессуал тартибда ушланди ҳамда унга тегишли Cobalt салонидан 941 грамм опий ва 1 кг 980 грамм гашиш моддалари олинди.
Терговга қадар текширув давомида, ушбу гиёҳвандлик воситалари муқаддам Тожикистон фуқароси томонидан контрабанда йўли билан олиб келингани маълум бўлди.
Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида кузатилган ҳолатда эса, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида яшовчи, 1981 йилда туғилган фуқаро Тожикистондан келтирилган 501 грамм опий ва 459 грамм гашиш моддаларини 7800 долларга сотишга келишиб, олдиндан 3 минг доллар олган вақтида ушланди.
Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида ўтказилган тезкор тадбирда, Яшнобод туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс тўхтатилиб текширилганда, унга тегишли иш қуроллари учун мўлжалланган чамадонда 297 грамм гашиш ва 9 грамм опий моддалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.