Туркияда иккита ҳарбий вертолёт тўқнашди
Туркиянинг Испарта провинциясида икки ҳарбий вертолёт ўқув парвозлари вақтида тўқнашиб кетган. Воқеа оқибатида беш нафар ҳарбий хизматчи, жумладан, “Армия авиация мактаби” қўмондони ҳалок бўлди.
Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса Туркия ҳарбий-ҳаво кучларининг навбатдаги машғулотлари доирасидаги маневрларни машқ қилиш фонида содир бўлган. Тўқнашув содир бўлган вақтда иккала вертолёт ҳам паст баландликда ҳавода бўлган.
Воқеа жойига зудлик билан фавқулодда хизматлар жўнатилган, бироқ вертолётлар бортидаги деярли барча ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида бригадир генерали ҳам бўлган. Бир аскар бошқа ҳарбий вертолётда оғир аҳволда яқин атрофдаги тиббиёт муассасасига олиб кетилган.
Туркия Миллий Мудофаа вазирлиги ҳодиса юзасидан тергов бошланганини маълум қилди. Мутахассислар содир бўлган воқеанинг бир нечта версияларини, жумладан, мумкин бўлган техник носозликлар, об-ҳаво шароити ва парвозларни бошқариш ёки мувофиқлаштиришдаги хатоларни кўриб чиқмоқда. Воқеа келажакда шунга ўхшаш фожиаларга йўл қўймаслик учун хавфсизлик протоколлари ва ўқув парвозларини қайта кўриб чиқишга сабаб бўлиши мумкин.
Испарта губернатори Абдулла Эриннинг айтишича, ҳалокатга машғулот вақтида икки вертолётнинг тўқнашуви сабаб бўлган.
Расмийлар қурбонларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, қуролли кучлар хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолаётганини таъкидламоқда.
Испартдаги «Армия авиация мактаби» Туркиядаги ҳарбий вертолёт учувчиларини тайёрлашнинг асосий марказларидан биридир. У ҳар йили 50-100 га яқин вертолёт учувчиларини тайёрлайди. Таълим муассасаси ўзининг юқори даражадаги тайёргарлиги, жумладан интенсив назарий машғулотлар, амалий парвозлар ва ҳақиқий жанговар шароитларга яқин бўлган ўқув миссиялари билан машҳур. Мактаб турк армиясини жанговар, транспорт ва қутқарув каби турли турдаги вертолётларни бошқаришга ихтисослашган малакали учувчилар билан таъминлашда муҳим рол ўйнайди.