Тезпишар тарвуз саломатлик учун хавфли...ми?!

Тезпишар тарвуз саломатлик учун хавфли...ми?!

Ёзнинг иссиқ кунларида тарвуз истеъмол қилиш инсон организми учун кони фойда. Аммо бу маҳсулотни етиштиришда азотли ўғитлардан кўп фойдаланилган бўлса, саломатликка зарар етказиши ҳеч гап эмас.

Хўш, дориланган тарвуз нимаси билан хавфли? Ундан заҳарланганда қандай йўл тутиш лозим?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати ушбу мавзуда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати санитария-гигиена бошқармаси бошлиғи А.Шукуровга мурожаат қилди.

Тарвуз — саломатлик учун энг фойдали маҳсулотлардан бири, — дейди мутахассис. — У ўлкамизда асосан июль-август ойларида ғарқ пишиб етилади. Маҳсулот таркиби А, С, Е витамини, В гуруҳи дармондорилари, магний, калий, кальций, фосфор, темир ва натрий моддаларига бой бўлиб, пешоб ва сафро ҳайдовчи таъсирга эга.

Унинг шарбати буйраклар ва жигарни зарарли токсинлардан тозалаб, холестерин миқдорини камайтиради. Айниқса, тарвуз онкологик касалликларнинг олдини олиш, ҳазм фаолиятини яхшилаш ва моддалар алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади.

Бироқ тезпишар тарвузларни истеъмол қилишда эҳтиёткорлик чораларига риоя қилиш керак. Боиси бугун кўпчилик деҳқонлар ушбу маҳсулотни етиштиришда азотли ўғитлардан ҳаддан ортиқ кўп фойдаланмоқда. Бу эса кўпчилик инсонларнинг дориланган тарвузлардан заҳарланишига сабаб бўляпти.

— Заҳарланиш симптомлари қандай намоён бўлади?

— Агар кимдир таркибида нитрат моддаси меъёрдан ортиқ бўлган тарвуз истеъмол қилса, унинг нохуш белгилари 4-6 соатдан кейин пайдо бўлади.

Хусусан:

📌 кўнгил айниши;
📌 қусиш;
📌 диарея;
📌 қорин ва бош оғриғи;
📌 38-39 даражагача иситма кўтарилиши;
📌 бош айланиши;
📌 юрак уришининг секинлашиши;
📌 қўл-оёқларнинг совуқ қотиши ва бошқа белгилар кузатилиши мумкин.

Заҳарланиш белгилари намоён бўлганда, дарҳол шифокор билан маслаҳатлашиш ва мутахассис тавсиялари асосида муолажаларни давом эттириш зарур. Мабодо, кекса ёшли инсон, ҳомиладор аёл ёки 12 ёшгача бўлган бола заҳарланганда, “Тез ёрдам” чақириш мақсадга мувофиқ.

— Бу нохуш ҳолатдан сақланиш учун нима қилиш лозим?

— Аввало, тарвуз харид қилишда сотувчидан тегишли рухсатномани талаб қилиши керак: унда маҳсулот манбаи, шунингдек сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи зарур маълумотлар ўрин олган бўлади.

Тарвуз танлаётганда, унинг бузилмаганига ишонч ҳосил қилинг. У шикастланмаган, ёриқларсиз ҳамда қораймаган, моғорламаган бўлиши керак. Тарвуз кесилганда ранги тоза қизил ва ўзгармаган бўлади. Тановул қилишдан аввал яхшилаб ювиш лозим.

Шунингдек, уни совутилган ҳолда ейиш ҳамда истеъмол қилишда бошқа хил озиқ-овқат маҳсулотлари билан аралаштириб юбормаслик, яъни таом қабул қилиш кетма-кетлигига риоя қилиш тавсия этилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!