«Тез ёрдам»га йўл бериш учун қоида бузишга мажбур бўлган ҳайдовчилар жавобгарликка тортилмайди

«Тез ёрдам»га йўл бериш учун қоида бузишга мажбур бўлган ҳайдовчилар жавобгарликка тортилмайди

Сенатнинг 5-ялпи мажлисида Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуротов «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини тақдимот қилди.

Унда қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган қўшимчалар ҳақида маълумот берилди.

«Амалиётда кўп кузатилади: тез ёрдам, ўт ўчириш хизматлари ва бошқа хизматларнинг автомашиналарига йўл бериш, уларни тез ўтказиб юбориш жараёнида бирор қоида бузилса ва видеокамераларга тушиб қолса, ҳайдовчиларимиз айбсиз айбдор бўлиб қолмоқда. Катта жарималар тўланган ҳоллари ҳам мавжуд. Бу масалада бизга ҳам кўплаб мурожаатлар келган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган қўшимчалар ана шундай ҳолатларни бартараф этишга қаратилган. Яъни агар ҳайдовчилар тезкор ва мазкур хизматларнинг транспорт воситаларига тўсиқсиз ўтиб кетиш учун йўл бериши сабабли йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этиладиган бўлса, улар бунинг учун жавобгарликка тортилмайди.

Бунда ҳайдовчининг ҳуқуқбузарлиги ўта зарур ҳолатларда содир этилган деб ҳисобланади ва маъмурий иш тугатилади. Ушбу норманинг қатъий белгиланиши йўлларда ҳайдовчилар ҳуқуқларининг мустаҳкамланишига хизмат қилинади», дея Ботир Матмуротовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!