Гузал Адилбабаева: “Маркетинг агентлиги очиш осон, уни тизимга айлантириш қийин”
Сўнгги йилларда маркетинг ва SMM соҳасига кираётганлар сони кескин ошди. Ижтимоий тармоқларда саҳифа юритиш ёки реклама жойлаш кўпчиликка осондек туюлади. Аммо маркетингни профессионал бошқарув тизимига айлантириш, жамоа қуриш ва натижани барқарорлаштириш бошқа масала. Маркетинг стратег ва агентлик асосчиси Гузал Адилбабаева билан суҳбат айнан агентлик модели ва профессионал бошқарув ҳақида бўлди.
— Кўпчилик SMM билан шуғулланади. Агентлик юритиш нимаси билан фарқ қилади?
— Фрилансер ишлаганда сиз битта лойиҳага фокус қиласиз ва ўзингиз учун жавобгарсиз. Агентликда эса сиз бир вақтнинг ўзида жамоа, бир нечта мижоз ва уларнинг натижаси учун масъулсиз. Энг катта фарқ — тизим.
Креатив қилиш мумкин. Пост ёзиш мумкин. Лекин бир нечта лойиҳа параллел юраётганда жараён бошқаруви бўлмаса, сифат тушади. Агентлик модели роллар тақсимотини талаб қилади: ким стратегия қилади, ким контент ёзади, ким таргет созлайди, ким продакшнни бошқаради. Агар ҳар бир босқичда ички фильтр бўлмаса, лойиҳа тасодифга айланади.
— Жамоани қандай бошқарасиз?
— Бизда ҳар бир лойиҳа аудитдан бошланади. Саҳифа таҳлили, аудитория сегментацияси, рақобатчиларни ўрганиш. Шундан кейин стратегия ёзилади. Контент календар оддий жадвал эмас — у маркетинг мақсади билан боғланган ҳужжат.
Ҳафталик брифинглар мажбурий. Унда “пост чиқди” эмас, “натижа бердими ёки йўқми” деган савол муҳокама қилинади. KPI бор: қамров, сақлашлар, сўровлар, реал конверсия сигналлари. Агар натижа паст бўлса, креатив эмас, тизим қайта кўриб чиқилади.
Deadline маданияти ҳам муҳим. Маркетингда вақт омили жуда катта роль ўйнайди. Кечиккан кампания кўпинча ўз аҳамиятини йўқотади. Шунинг учун жамоада масъулият биринчи ўринда туради.
— Агентлик қуриш жараёнида энг қийин босқич қайси бўлган?
— Энг қийини — бошида б