Ёшлар Экология қўмитаси фаолияти билан яқиндан танишишди
13 февраль куни Тошкент шаҳридаги 31-мактаб ва “Oxbridge” халқаро мактаби ўқувчилари, шунингдек, Фарғона вилояти ёш экологлар ҳаракати аъзолари, ёш эко-фаоллар Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига ташриф буюрди.
Таъкидлаш жоизки, Экология қўмитаси томонидан ҳар ойнинг охирги жума куни ёшлар учун “Очиқ эшиклар куни” деб эълон қилинди. Қўмита экологияга бефарқ бўлмаган ёшлар учун доимо очиқ.
Ташриф давомида ёшлар Қўмита ҳузуридаги Ўрмон агентлиги, Иқлим ўзгариши миллий маркази ва Ситуацион марказ фаолияти билан яқиндан танишишди. Ўқувчи ёшларга кўчатларни тўғри экиш ва парваришлаш, яшиллик даражасини оширишнинг аҳамияти, шунингдек, иқлим ўзгаришларига қарши чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, табиатга, флора ва фауна вакилларига яхши муносабатда бўлиш, дуч келган жойга чиқинди ташламаслик ва бу каби экологик ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик, умуман, экологияга бефарқ бўлмаслик зарурлиги тушунтирилди.
Қолаверса, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига бағишланган, ёшларнинг экологик маданиятини оширишга хизмат қиладиган китоблар совға қилинди.
Маълумот учун, бугунги кунда экологик таълимни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, юртимиздаги барча таълим муассасаларида экомаданиятни шакллантириш, ёшларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида дарслик ва қўлланмалар тарқатилмоқда ҳамда қўшимча ўқув машғулотлари ўтказиб борилмоқда.
