Самарқанд прокуратураси собиқ ИИБ ходими иши бўйича баёнот берди

Самарқанд прокуратураси собиқ ИИБ ходими иши бўйича баёнот берди

Самарқанд вилоят прокуратураси собиқ ИИБ ходими Ш. Ашуровнинг унга нисбатан бўлган жиноят иши тергови ва суд ҳукмидан норозилиги тўғрисидаги видео мурожаати бўйича баёнот берди.

Адвокат А.Т. ҳимояси остида бўлган гумон қилинувчи А.А.га нисбатан Самарқанд туман ИИБ ҳузуридаги ТБ суриштирув гуруҳи суриштирувчиси Ш.Ашуров томонидан ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва бошқа моддалари билан қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят ишини А.А.нинг фойдасига ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилиб, уни пора беришга қизиқтириб, суриштирувчи Ш.Ашуров билан олдиндан жиноий тил бириктириб, жами 40 млн. сўм миқдоридаги пул маблағини 5 минг АҚШ долларига ҳисоблаб, А.А.дан талаб қилган.

31.07.2018 йилда А.А.нинг аризаси юзасидан вилоят прокуратураси ва ДХХ Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, адвокат А.Т. 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини хизмат хонасида фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу куни вилоят прокурори томонидан адвокат А.Т.га нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “в” банди, 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

 Ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида А.Т.га ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан айблов эълон қилиниб, шу куни “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Суриштирувчи Ш.Ашуров ўзининг Самарқанд туман ИИБ ТБдаги хизмат хонасини ташлаб, номаълум томонга қочиб кетган.

02.08.2018 йилда Ш.Ашуров ДХХ вилоят бошқармаси тезкор ходимлари томонидан терговга жалб қилиниб, унга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан айблов эълон қилиниб, шу куни “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилиб, тергов якунлангандан сўнг жиноят иши мазмунан кўриб чиқишлик учун судга юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд туман судининг 20.08.2018 йилдаги ҳукмига кўра, Ш.Ашуровга ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан ЖКнинг 45,62-моддаларига асосан 1 йил муайян ҳуқуқдан, яъни давлат иштироки ва улуши мавжуд бўлган корхоналарда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 10 ой 6 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Шунингдек, суднинг ушбу ҳукми билан А.Т. ҳам ЖКнинг тегишли моддалари билан судланган.  

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди кассация  инстанциясининг 03.05.2019 йилдаги ажрими билан суд ҳукмининг Ш.Ашуровга оид қисми ўзгаришсиз қолдирилган.

Ш.Ашуровнинг айби судда иқрорлик билдириб берган кўрсатувларидан ташқари, жиноят ишида мавжуд бўлган ариза, тушунтириш хатлари, пулларга махсус ишлов бериш баённомаси, воқеа жойини кўздан кечириш баённомаси, СД дискларни эшитиш ва ундаги ёзувларни стенограмма қилиш баённомалари, экспертиза хулосалари, юзлаштириш баённомаси ҳамда ишда мавжуд бўлган бошқа объектив далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз исботини топган.

Бундан ташқари, мазкур жиноят иши тергови босим остида олиб борилганлиги, тергов ҳаракатлари давомида далиллар сохталаштирилганлиги ва ДХХ ходимлари Ш.Ашуровга нисбатан тазйиқ ўтказганлиги ҳақидаги важлари юзасидан ДХХнинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, важлар ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли 28.11.2018 йилда ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган ва ушбу қарор вилоят прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилиб, асосли деб топилган.  

Суд томонидан Ш.Ашуровнинг қилмиши тўғри малакаланган ва якуни бўйича қонуний тўхтамга келинган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!