Руминия: президентлик сайловидаги шов-шувли натижага TikTok алоқадор бўлиши мумкин
Руминияда дам олиш куни ўтказилган президентлик сайловида қайд этилган шов-шувли натижага TikTok ижтимоий тармоғи қанчалик алоқадорлиги текширилмоқда. Кутилмаганда биринчи турда энг кўп овозни унча машҳур бўлмаган мустақил ултраўнг сиёсатчи, Кремл билан алоқадорлиги айтилаётган Кэлин Жеоржеску тўплади. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Шу муносабат билан бугун, пайшанба куни Руминия миллий муҳофаза олий кенгаши фавқулодда йиғилиш ўтказади. Унда ижтимоий тармоқлар ва оммалашган интернет-платформалар сайлов жараёни ва мамлакат учун қандай хатарлар туғдириши мумкинлиги муҳокама қилинади.
62 ёшли Жеоржескуни Руминиядан ташқарида деярли ҳеч ким танимайди. Президентликка номзодлар орасида жиддий рақиб саналмаётганди, у сайловолди кампаниясини асосан интернетда, хусусан, TikTok платформасида олиб борган.
Шунга қарамасдан, Жеоржеску биринчи турда ҳамма рақибларини ортда қолдириб сайловчиларнинг 23 фоизга яқин овозини тўплаб, биринчи ўринни эгаллади, беш нафар номзод, хусусан, мамлакат бош вазири Марчел Чолакуни ўйиндан чиқариб юборди.
8 декабрга белгиланган 2-турда «Руминияни қутқариш иттифоқи» ўнг-марказ либерал партияси етакчиси Елена Ласкони унга рақиб бўлади. Биринчи турда Ласкони 19 фоиз овоз тўплаган.
Биринчи турда мағлуб бўлган икки номзод сайлов натижалари устидан мамлакат Олий судига даъво киритди. Улар Жеоржескуни ўз сайловолди кампаниясини молиялаштириш манбаларини ошкор қилмаганликда айблашмоқда.