Рассом Ван Гог ҳақидаги ҳақиқатлар юзага чиқди!

Рассом Ван Гог ҳақидаги ҳақиқатлар юзага чиқди!

1888 йил 23 декабрга ўтар кечаси Винсент Ван Гог Париждаги борделлардан бирига кириб, суйган қизига қулоғининг қонли парчасини узатди... Бу воқеа ақлдан озган рассом ҳақидаги энг машҳур ҳикояга айланди. Ван Гог буни атайин қилганми ёки ростдан ҳам ақлан заиф бўлганми? Саволга жавобни қуйидаги мақоладан қидириб кўрамиз, дейди “xabardor.uz”.

Рассом Ван Гог шахси ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган жуда кўп афсоналар юради. Унинг ҳаёти шоирона эди. У ўзига тўқ оилада туғилган, сифатли таълим олган ва уч тилда сўзлашишни билган. Отаси роҳиб бўлган. Уч нафар тоғаси эса санъат асарлари савдоси билан мунтазам шуғулланган.

Афсона ва ҳақиқат

Ван Гог ҳақидаги аксарият ривоятлар муаллифи германиялик санъат ихлосманди Юлиус Меер-Грефе бўлган. У рассомнинг суратларини кўрган заҳоти унинг бадиий қимматини яхши англаб, реклама қилиш кераклигини тушунтириб ўтган. Ўзининг ўткир қаламидан фойдаланиб Меер-Грефе рассомнинг коллексионерларга ёқадиган биографиясини тузиб чиққан.

Аслида, Ван Гог рассомликни анча кейин, 30 ёшга кириб бошлаган. Бироқ бу тасодиф ҳам, моʻжиза ҳам эмас, ўйлаб ташланган қадам эди. Роҳиблик фаолиятини ташлаган Винсент рассмоликка киришдан олдин етти йил давомида “Гоупил & Cие” бадиий-савдо фирмасида арт-дилер бўлиб ишлаган. Айни шу позитсиядан туриб Ван Гог ўзининг расмлардаги ҳаётини бошлаган. Ривоятлардан фарқли ўлароқ у осмондан тушган даҳо эмас, санъат тарихи ва назариясидан яхши хабардор, суратларни сотиш бўйича катта тажрибага эга одам бўлган. 27 ёшидан бошлаб у предметларни систематик ўрганиб, энг замонавий дарсликлардан фойдаланиб чизишни бошлаган. Маълум вақт оралиғида иккита бадиий академияда ҳам ўқиб чиққан.

1886 йилда кичик укаси Теонинг маслаҳатига кўра, Винсент Парижга боради ва Фернан Кормон студиясига ўқишга киради. Парижда Тео уни Писсарро, Тулуз-Лотрек, Моне, Ренуар, Дега, Гоген каби юлдузлар билан таништиради. Айнан Тео акасини энди урфга кириб келаётган постимпрессионизм билан шуғулланишга ундайди.

Рассом Ван Гогнинг қашшоқлиги тўғрисидаги фикрлар ҳам юмшоқ қилиб айтганда, бўрттириш. 1884-йилнинг ўзидаёқ у укаси билан шартнома тузиб қўйган. Тайёр картина эвазига Тео уни холст, бўёқлар ва бошқа материаллар билан таъминлаб туриши ва ҳар ой 220 франк маош тўлаши керак эди. Винсентнинг тан олинмагани ва бор-йўғи биттагина картинаси сотилганига келсак, бу гап ҳам уйдирма. Чунки, Тео акаси учун мунтазам кўргазмалар уюштириб турган ва унинг картиналари яхшигина пулга сотилган.

Ван Гог қулоғини ўзи кесиб ташлаганми?

Меер-Грефе тўқималарининг гултожи, албатта, ақлдан озган рассомнинг ўз қулоғини кесиб ташлагани ҳақидаги воқеа саналади. Аслида, эса рассом тушкунликдан фақат умри сўнггида азият чеккан. Шифокорлар унга абсент (70 фоиз спиртдан ташкил топган ичимлик)ни мунтазам ичиш оқибатида келиб чиққан ақлий бузилиш ташхисини қўйишди. Унда биографнинг тўқималари қаердан олинган?

1888 йилда Ван Гог Франсия жанубига ўтиб, Пол Гогенни ўз шаҳри Арлда яшашга кўндиради. Ван Гогнинг беҳаловат руҳи Гогеннинг осойишта, барқарор феълини кўтара олмади. Дўстлар бир том остида яшай олишмади.

Баҳс ва жанжаллар доимий тус ола бошлади. Икки ойдан сўнг эса Гоген кетишга аҳд қилади. Германиялик тарихчилар Ганс Кауфман ва Рита Вилдеганслар факт ҳамда политсия архивларини ўрганиб чиқиб, бу икки дўст орасида дуел бўлган, деган хулосага келишди. Отишма чоғида собиқ денгизчи ва жуда яхши қиличбоз бўлган Гоген Ван Гогнинг қулоғини яралаган. Тахминларга кўра, қонни тўхтатиб, бироз ўзларига келиб олган дўстлар бу ишни сир сақлашга қарор қилишган. Винсент эса дўстига зарар етказмаслик учун политсияга бу ишни ўзи қилганини айтади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!